Линклар

Ўзбекистон Қирғизистондаги воқеалардан хавотирда

  • Барно Анвар

23 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Қирғизистондаги воқеалар муносабати билан билдирган расмий баёноти тарқатилди. Унда Ўзбекистон ҳукумати бу воқеалардан чуқур хавотирда экани таъкидланади.

Баёнотда айтишича: “..ушбу мамлакатда, айниқса, унинг жанубий вилоятларида содир бўлаётган воқеалар юзасидан Қирғизистоннинг яқин қўшниси бўлмиш Ўзбекистонда ташвиш билдирмай қола олмайдилар”.

Баёнотда “Ўзбекистон томони Қирғизистондаги сайлов натижаларидан қониқмаслик натижасида бўлаётган баҳс-мунозаралар Қирғизистон қонунчилигида белгилаб қўйилган ҳуқуқий асос ва тартиблар ҳамда амалдаги Конституцияга мувофиқ тарзда, ҳеч бир ташқи таъсир, аралашувларсиз ҳал этилиши зарур”лиги билдирилади.

“Биз Ўзбекистонда шунга аминмизки, Қирғизистон халқи ҳар қандай қийинчилик ва тўсиқларни мардона енгиб ўтади, ижтимоий-сиёсий барқарорликни сақлаб қолади, мамлакатда қарама-қаршиликни кескинлаштириш учун вазиятдан фойдаланиб қолишга, миллатлараро низо келтириб чиқаришга уринадиган қабиҳ ниятли кучларнинг, аввало, ташқи кучларнинг бузғунчи чақириқ ва хатти-ҳаракатларига эргашмайди”, - дейилади баёнотда.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчилар мамлакат ҳукумати Қирғизистондаги воқеаларга анча кеч муносабат билдираётганини алоҳида таъкидламоқда.

Ёш сиёсатчи Икром Мўминовнинг фикрича, Ўзбекистон бундай жиддий сиёсий жараёнларга ҳамиша кечикиб муносабат билдиради. Бунгача эса маълум кучларнинг муайян воқеа-ҳодисага нисбатан қандай позицияда турганини кузатиб боради ва шунга қараб баёнот беради.

И.Мўминовнинг таъкидлашича, баъзи собиқ совет республикаларида турли демократик кучлар аралашуви таъсирида диктаторлик тузумларига барҳам берилгани Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини ҳам чўчитмай қўймайди. Жумладан, сўнгги пайтларда Ўзбекистонда бир неча халқаро ташкилотлар фаолияти тўхтатилгани бунинг далолатидир.

“Қирғизистондаги воқеалар фуқаролар урушига айланиб кетиши эҳтимолини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Чунки буни истовчи кучлар топилади. Шунинг учун 1990 йилдаги Ўш-Ўзган воқеалари такрорланмаслиги чораларини кўриш лозим”, - деди И.Мўминов.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев ҳам Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги воқеаларга бу қадар кеч муносабат билдиргани расмий Тошкентнинг айни жараёндан саросимага тушганини кўрсатишини айтиб ўтди.

“Бунинг сабаби, - деди Т.Йўлдошев, - бу воқеалар Ўзбекистонга ҳам, албатта, таъсир кўрсатади”.
XS
SM
MD
LG