Линклар

Оддий қишлоқ аёли ҳаётидан бир лавҳа


Лобар 25 ёшли Мавлуда Ёрқинбоева Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги Наврўз қишлоғида яшайди. Турмуш ўртоғи автоҳалокатда ҳалок бўлгач, ўғилчаси билан ота-онасиникига қайтиб келди. Ҳозир уч оила – 8 киши бир ҳовлида истиқомат қилади.

Мавлуда боқувчисини йўқотгани ва ёш фарзанди учун ойига давлатдан 9 минг сўмдан сал кўпроқ нафақа пули олади. Бошқа бирорта даромади йўқ. Яъни ота-она қарамоғига боғланиб қолган.

Ўзбекистон қонунчилигида ҳар бир фуқаро ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга экани белгиланган.

Лекин Мавлуда бу ҳуқуқдан фойдаланишга кўп бор уринганига қарамай, иш топишда қийналди. Бир неча ташкилотдан рад жавоби олди. Энди иш топдим деганда эса яна бир муаммога дуч келди.

“Ишга чиқиш учун боламни боғчага беришим керак. Аммо уни боғчага жойлаштириш учун 3 минг сўм сўрашяпти. Ҳали бу ҳужжатларни тўғрилашдан ташқари кетадиган пул. Яна алламбалолар бериш керак экан. Ўзи қўлимда пул бўлмаса, яна қаердан топиб бераман, деб боламни боғчага ҳам бермай турибман”, - дейди Мавлуда.

Мавлуда боласига қанча нафақа пули берилиши лозимлигини ўзи ҳам аниқ билмайди. Чунки, унинг айтишича, нафақа пулига ҳар сафар нимадир қўшиб берилади. Бу пулдан коммунал тўловлар учун ҳам ушлаб қолинади.

Мавлуда бу ўринда ўзи ва боласининг ҳуқуқлари бузилаётганини билиб турса-да, арзимас бўлган бу маблағнинг тезроқ қўлига текканидан хурсанд бўлади.

Кам даромадли оилалар учун маҳалла фуқаролар йиғини томонидан ёрдам пули берилиши кераклигини Мавлуда ҳам яхши билади. Аммо бу пулни олиш учун бир қанча ҳужжатлар тўғрилаш зарур. Ҳужжатлар тўғрилаш жараёнидаги сарсонгарчиликлар, қўшимча харажатлар уни бироз ўйлантириб турибди.

Мавлуда ҳунар ўрганиш учун бирмунча вақт муқаддам Гулистон шаҳридаги ўқув курсларидан бирига қатнай бошлаганди. Гулистон шаҳри ва Мирзаобод тумани ораси юз сўмлик йўл. Бироқ, икки ҳафтадирки, Мавлуда ўқишга бора олмаяпти. Чунки ўқишга қатнашга пули йўқ.
XS
SM
MD
LG