Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:37

Пикет мажбуран тарқатиб юборилди


23 март куни “Озод деҳқонлар” партияси аъзолари, жиззахлик фермерлар ва қашқадарёлик оддий фуқароларнинг Тошкент шаҳри ҳокимлиги биноси олдида уюштирган пикети тарқатиб юборилди.

Маълум бўлишича, норозилик акциясига тўпланган фуқароларга маънавий тазйиқ ўтказилган, ҳуқуқ-тартибот ходимлари уларни куч билан тарқалишга мажбур этган.

Қашқадарё вилоятидан келган фермер аёлнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, милиция ходимлари унинг қўлларини боғлаб, собиқ “Отчопар” бозори олдига олиб бориб ташлаган.

Жиззахлик фермерларнинг асосий талаби Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Яманқуловнинг истеъфосини сўраш бўлди.

Уларнинг айтишича, вилоят ҳокими ўзининг устидан шикоят қилган ҳар бир фермерни назорат этиш учун биттадан милиционер бириктириб қўйган. Ҳокимнинг иш услуби зўравонлик, ҳақоратлашдан иборат. Жиззахда ҳамма ундан қўрқади. Чунки ҳокимнинг сўзи вилоятда қонундан устундир.

Пикет бошланган пайтда иштирокчиларнинг қаршисига ўн чоғли ёш йигит-қиз қўлларида плакатлар билан пайдо бўлди.

“Озод деҳқонлар” партияси вакили Баҳодир Намозовнинг билдиришича, бу ёшлар пикетчилар билан тортиша бошлаган. Уларнинг ҳаракатлари иғво қўзғашга қаратилгани яққол билиниб турган.

Бошқа вилоятлардан келган пикет иштирокчилари ушланиб, номаълум томонга олиб кетилди.

Пикет ташкилотчиларининг тахминича, улар ўз вилоятларига қайтариб кетилган бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, бу пикетда жиззахлик бошқа фермерлар ҳам иштирок этиши лозим эди. Аммо улар йўлдаёқ ушлаб қолинган.

Таъкидлаш керакки, сўнгги вақтларда Тошкентда ўтказилган пикетлар нисбатан тинч, куч ишлатишларсиз ўтаётган эди.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг фикрича, бу сафар пикетчиларга куч ишлатилганига сабаб Қирғизистонда содир бўлаётган воқеаларнинг Ўзбекистонга кўчиши олдини олиш йўлидаги ҳаракатлардан биридир.
XS
SM
MD
LG