Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:30

Қирғизистон ҳукуматига қарши намойишчилар бугун Бишкекдаги ҳукумат биносини эгаллади.


Намойишчилар Президент Асқар Ақаев истеъфосини талаб қилмоқда. Баъзи ахборот агентликлари хабарига кўра, Президент Ақаев мамлакатни тарк этган. Озодлик радиоси мухбири Жан Кристоф Поунинг Бишкекдан хабар қилишича, Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари пойтахт кўчаларида кўринмайди.

“Мен ҳукуматга қарашли бино яқинида бўлдим. Аммо у ерда на милиция ходимлари ва на бошқа ҳуқуқ-тартибот органи вакилларини кўрдим.
Марказга туташ кўчаларда бир неча милиция ходимини кўриш мумкин. Улар асосан йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилмоқда. Улар ўзининг кундалик вазифасини бажарапти”
– дейди Бишкекдаги Озодлик мухбири.
Жан Кристоф Поуга кўра, ҳукумат биносига бостириб кирган намойишчилар кабинетларни титкилаган ва мебелларни деразадан улоқтирган.

Бугун эрталаб намойишчилар ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашув рўй берганидан кейин намойишчилар ҳукумат биносини эгаллаб олди. Намойишчилар давлат телевидениесини эгаллаб олди ва ҳозирда намойишлар телевидение орқали жонли кўрсатилмоқда.

Мухолифат раҳбарларидан бири, собиқ Бош вазир Қурманбек Бкиев парламент сайловлари қайта ўтказилишига ваъда бермоқда. У ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини норозилик намойишига қўшилишга чақирди.

Ғарб ахборот агентликлари маълумотига кўра, намойишчилар мухолифат раҳбарларидан бири Феликс Қуловни қамоқдан озод қилган.

Айни пайтда, Қирғизистоннинг бошқа шаҳарлари, жумладан Жалолобод, Ўш ва Боткен шаҳрларида ҳам норозиликлар давом этмоқда.
Намойишчилар Президент Ақаевнинг истеъфога чиқиши ва парламент сайловлари натижалари бекор қилинишини талаб қилмоқда.

Марказий Осиё давлатлари Қирғизистондаги воқеаларга муносабат билдирмоқда.

Пайшанба куни Хитой ҳукумати Қирғизистонда ижтимоий барқарорлик ўрнатилишини умид билдирди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Лиу Жианчао Пекин расмийлари Қирғизистондаги воқеаларни диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди.

Тожикистон эса Қирғизистон билан бўлган чегарани мустаҳкамламоқда.
Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Душанбе расмийлари Қирғизистондаги воқеаларни чуқур хавотир билан кузатмоқда. Ташқи ишлар вазирлигига кўра, Тожикистон ҳукумати Қирғизистондаги воқеалар тинч йўл орқали бархам топишини хоҳлайди.

Қозоғистон пойтахти Астанага сафар қилаётган Россия Бош вазири Михаил Фрадков Москва расмийлари Қирғизистонда муаммони хал этиш учун куч ишлатилишига қарши эканини билдирди.
Фрадковга кўра, Россия ҳукумати Қирғизистондаги келишмовчилик томонлар ўртасида мамлакат қонунлари доирасида хал этилишини хоҳлайди.
XS
SM
MD
LG