Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:21

“Бирлик”чи қирғиз мухолифати ҳаракатларини қўллаб-қувватламади


Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан чегарадош вилоятларида фаолият кўрсатаётган мухолифатдаги партиялар аъзолари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қўшни давлатдаги воқеаларга турлича баҳо бермоқда.

Демократик ташаббуслар марказининг Андижон вилояти бўлими раҳбари Дилшод Тиллахўжаевнинг сўзларига қараганда, Қирғизистондаги ҳозирги воқеалар Президент Асқар Акаевнинг демократия йўлидан чекиниши оқибатидир.

Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги 40-ихтисослашган мактаб ўқитувчиси Мусажон Бобожонов Қирғизистондаги мактабда ҳам дарс беради. Шунинг учун у қўшни давлатда ўтказилган парламент сайловини бевосита кузатишга муваффақ бўлган.

М.Бобожоновнинг таъкидлашича, бу сайловда қонунбузарликлар яққол кўриниб турган. Овоз сотиб олиш очиқдан-очиқ амалга оширилган. Бу каби ғирромликлар эса мухолифатни жунбушга келтирган.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси Андижон вилояти бўлими раҳбари Акбаржон Орипов қирғиз мухолифатининг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

“Улар ўзларининг қонунни бузиши билан Ўзбекистондаги мухолифатнинг ҳаракатига анча путур етказиши мумкин. Қирғиз мухолифатчиларининг тўғридан-тўғри зўравонликка йўл қўяётганини нотўғри ҳисоблайман”, - деди А.Орипов.

Намангандаги “Ҳимоя гуруҳи” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Собитхон Устабоев Қирғизистондаги воқеалар яқин-атрофдаги ташқи кучлар томонидан уюштирилаётганига ишонишини таъкидлади.

Унинг айтишича, бу кучлар Марказий Осиёда мухолифатга йўл очиб берилса, зўравонликлар юзага келишига жаҳон жамоатчилигини ишонтиришга уринмоқда.

“Бирлик” партиясининг наманганлик аъзоси Олимжон Юнусовнинг фикрича, Қирғизистондаги воқеалар Ўзбекистонга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Зеро, қирғиз халқининг демократия йўлида 15 йиллик тажрибаси бор. Бу мамлакатда ҳар 100 минг аҳолига битта партия тўғри келади. Ўзбекистонда эса ҳар беш миллион кишига битта расмий партия тўғри келади. Улар ҳам қўғирчоқ партиялар. Қолаверса, шахс, матбуот эркинликлари масаласида ҳам Ўзбекистон Қирғизистондан жуда орқада қолган. Шунга асосланиб, қўшни давлатдаги воқеалар Ўзбекистонга таъсир этмайди, деган хулосага келиш мумкин.
XS
SM
MD
LG