Линклар

logo-print

Ўзбеклар сиёсатга аралашмасликни маъқул кўради


Феруза “Озодлик” мухбири Ўзбекистон фуқароларнинг Қирғизистондаги воқеаларига муносабатини ўрганиш мақсадида Тошкент кўчаларида аҳоли вакиллари билан суҳбатда бўлди.

Мулоқотлардан маълум бўлдики, кўпчилик Қирғизистондаги воқеаларнинг тўғрисида етарли ахборотга эга эмас. Юзаки маълумотлар эса уларнинг бу воқеалар тўғрисида якуний хулоса чиқаришига тўсқинлик қиляпти.

“Қирғизистондан айнан қандай воқеалар юз бераётгани ҳақида бизнинг оммавий ахборот воситаларимиз ҳеч нарса демаяпти. Россия телеканалларидан баъзи нарсаларни билиб оляпмиз, холос”, - деди суҳбатдошлардан бири.

Суҳбатдош хотин-қизларнинг аксарияти эса турмуш ташвишлари билан бандлиги, шунинг учун қўшни давлатдаги воқеаларга бефарқ эканини маълум қилди.

Суҳбатдошлардан бу воқеаларга муносабат сўралганда, уларнинг аксарияти сиёсатга аралашмасликни маъқул кўришини, шунинг учун мавзу юзасидан гапира олмаслигини таъкидлади.

Муносабат билдиришга рози бўлган кам сонли суҳбатдошлар эса Қирғизистон халқининг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Қирғизистон Президенти халқ ғамидан узоқлашган, ноқонуний ишлар билан шуғулланаётган бўлса, ундай раҳбарнинг одамларга кераги йўқ. Шунинг учун уларнинг курашини тўғри деб биламан. Халқ ўз ҳаққини талаб қилиши лозим”, - деди улар.

Уларнинг фикрича, халқ ҳеч қачон ўз-ўзидан кўтарилмайди. Бунинг учун жиддий сабаблар бўлиши керак.

“Одамлар курашга киришган экан, демак пичоқ суякка етиб борган”, - деди суҳбатдошлар.
XS
SM
MD
LG