Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:42

Сил кўпроқ ёшларни йиқитмоқда


Саида 24 март - Силга қарши кураш халқаро куни. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишидан 77 таси силга чалинган.

Ташкилотнинг Марказий Осиёда силга қарши кураш дастури мувофиқлаштирувчиси доктор Цоктнинг сўзларига қараганда, минтақадаги бошқа давлатлардаги кўрсаткичлар билан солиштирганда бу унчалик кўп эмас. Аммо ривожланган мамлакатлар билан таққослаганда анча юқоридир.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон қамоқхоналарида сил тарқалиши кўрсаткичи янада юқори. Бунга қамоқхоналар маҳбуслар билан тўлиб-тошгани, мазкур муассасаларда шароитнинг ёмонлиги, овқатланиш меъёрида эмаслиги сабаб бўляпти.

Расмий маълумотларда Ўзбекистонда ҳар йили 20 мингга яқин киши сил касаллигига чалиниши қайд этилади. Норасмий манбалар бу рақамлар аслида анча юқори экани, жумладан, Оролбўйи минтақасида сил оммавий тус олганини таъкидлайди.

“Чегара билмас шифокорлар” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Фозил Ҳасановнинг билдиришича, айни пайтда Қорақалпоғистон ва Хоразмда сил тарқалиши бирмунча камайган. Аммо беморлар орасида тиббий муолажалар таъсир этмаётганлари бор.

“Силга чалинганлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган “ДОТС пльюс” дастури доирасида даволанмоқда. ДОТС, яъни касалликни кимёвий йўллар билан даволаш дастури Қорақалпоғистонда 2005 йил охирида якунланиши керак эди. Аммо мавжуд вазият дастурни 2007 йилгача чўзишни талаб қиляпти”, - деди Ф.Ҳасанов.

Республика ДОТС маркази директори Гулноза Узоқованинг маълум қилишича, бу дастур мамлакатнинг кўпгина вилоятларини қамраб олган. Дастур бўйича жорий йил охиригача иш олиб борилади.

Г.Узоқова сил касаллиги ишга лаёқатли кишилар ўртасида, жумладан, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларда кўп учраётгани муаммони янада кескинлаштираётганидан ташвиш билдирди.

Г.Узоқованинг айтишича, ДОТС доирасида 2004 йил октябрда “Қамоқхоналарда силга қарши кураш” дастури бошланган.

Маълумотларга кўра, болалар орасида ҳам сил касалига чалинаётганлар бор. Касаллик тарқалишинининг асосий сабаблари эса тўйиб овқат емаслик, иммунитет пастлигидир.
XS
SM
MD
LG