Линклар

Қирғизистонда намойишчилар президент идорасини эгаллади


А.Арал Қирғизистонда парламент сайловларининг расмий натижаларига қарши бошланган оммавий намойишлар натижасида пайшанба куни намойишчилар президент идораси жойлашган ҳукумат биноси Оқ уйни эгаллаб олди. Улар республика президенти Асқар Ақаевнинг истеъфо беришини талаб қилмоқда. Эрталаб идорасини тарк этган Ақаевнинг қаердалиги номаълум.

24 март куни пойтахтнинг Олатов майдонида тинч бошланган намойиш кўп ўтмай милиция кучларининг қаршилигига учради. Бироқ намойишчиларни тўхтата олишга муваффақ бўлмаган ҳукумат кучлари орқага чекинишга мажбур бўлди. Шундан сўнг оломан Оқ уй томон юра бошлади. Воқеани яқиндан кузатган Озодлик мухбири Бубукан Дўсалиева хабар беради.

Намойишчилар Бишкек вақти билан соат 15 ларда Оқ уй атрофидаги темир панжаралардан ошиб ўтиб ҳукумат биносини эгаллади. Хабарларга кўра¸ бино ичкарисидаги ҳукумат мулозимлари¸ шу жумладан Ақаев ҳам бинодан чиқиб кетган. Президентнинг ҳозирча қаердалиги ноаниқ. Намойишчилар эса унинг истеъфо беришини бирдек талаб қилмоқда.

Ҳукумат биносини тўлиқ ўз назоратига олган намойишчилар кўп ўтмай Қирғизистон давлат телевидуесини қўлга олди. Давлат телевидениеси давом этаëтган воқеалардан репортаж бера бошлади.

Мухолифат раҳбарларидан бири собиқ Бош вазир Қурманбек Бақиев янги сайловлар ўтказилади¸ деб баëнот берди. Унинг айтишича¸ воқеалар бундай ривожланишини сира ҳам ўйламаган.

“Биз воқеалар бундай бўлиб кетишини тасаввур қилмаган эдик. Биз бугун эрталаб ҳам одамлар Оқ уйни эгаллайдилар¸ деб ўйламаган эдик”¸ - дейди Бақиев.

Оқ уй намойишчилар назоратига ўтган айни кунда мухолифатнинг қамоқдаги раҳбари Феликс Қулов ҳам ҳибсдан озод этилди. У дарҳол давлат телевидениеси орқали намойишчиларга мурожаат қилди.

“Азиз дўстларим¸ қадрли ватандошлар! Ҳеч кимдан қасос олишнинг кераги йўқ¸ ҳеч кимни урманг¸ таламанг”¸ - деди Феликс Қулов. У сўзида давом этиб¸ Ақаев хавфсизлиги кафолатланишини билдирди.

“Умид қиламанки¸ Ақаевга яқин одамлар уни топадилар. Мен сизни ишонтириб айтаманки¸ у бизнинг ҳимоямиз остида бўлади ва унинг ва оиласи хавфсизлигини кафолатлаймиз”¸ - деб таъкидлади Қулов.

Айни пайтда мухолифатнинг бошқа бир раҳбари Тўпчибек Турғуналиев намойишчиларга янги ҳукумат ташкил этилади¸ деб баëнот берди:

“Бу муваққат ҳукумат бўлади ëки уни мамлакатни қутқариш ҳукумати¸ деб аташ ҳам мумкин. Бу коалицион ҳукуматга барча сиëсий партиялар вакиллари киритилади ва асосан Қирғизистон халқ бирлиги вакилларидан ташкил топади“¸ - деб таъкидлади Турғуналиев.

Пайшанба куни вазифасидан истеъфо берган Қирғизистон давлат котиби Ўсмўнақун Ибраимов воқеаларга муносабат билдираркан¸ уларни Конституцияга зид амал¸ деб баҳолади.

“Ҳозир юз бераëтган воқеалар қонунга зиддир. Президентсиз мамлакат бўлиши мумкин эмас. Бу давлат тўнтаришидир. У қонун ва Конституцияга зид. Истаймизми ëки йўқми Асқар Ақаевни ўз жойига қайтариб¸ сайлов ўтказишимиз керак бўлади”¸ - деди Ибраимов.

Бишкекда воқеалар авжига чиққан пайшанба куни Боткенда мухолифат вакиллари қурултой ўтказди ва вилоят ҳокимлиги биносини эгаллаб олди. Шу билан республика жанубидаги барча ҳокимият идоралари намойишчилар қўлига ўтди.
XS
SM
MD
LG