Линклар

logo-print

ХОКИМИЯТ ВАҚТЛИ ҲУКУМАТ ҚЎЛИДА


Ҳурмат Бобажон Қирғизистонда президент Аскар Акаевнинг қаердалиги номаълумлигича қолар экан, мамлакат бошлиғи лавозимини вақтинчалик бажариш вазифаси Эшонбой Қодирбеков зиммасига юклатилди.

Пайшанба кечқурун Қирғизистон парламенти фавқулодда мажлис ўтказиб, мухолифат намояндаларидан бири бўлган Қодирбековни парламент раиси этиб сайлади. Қирғизистон қонунларига кўра, президент йўқлигида унинг лавозимини парламент раиси бажаради. Қирғизистонда ҳозир пойтахт Бишкек, жанубий минтақалар ва телевидение бутунлай мухолифат назоратига ўтган. Феврал ва март ойларида ўтган парламент сайловлари натижалари эса бекор қилинган.

Президент Аскар Акаевнинг эса ҳанузгача қаердалиги номаълумлигича қолмоқда. Бишкекда ҳукумат биносини ўз назоратига олган мухолифатнинг даъво қилишича Акаев мамлакатни тарк этган. Бош вазир Николай Танаев эса истеъфо берган.

Ушбу маълумотни Қирғизистон мухолифати етакчиси Қурмонбек Боқиев тасдиқлади.

"Қирғизистон президенти Аскар Акаев мамлакатни тарк этди. У ҳозир мамлакатда йўқ. Бош вазир Николай Танаев истеъфо берди. Айтишим жоиз биз ҳозир ўта мураккаб бир вазиятдамиз", - деди Қурмонбек Боқиев.

Аммо Америка расмийлари Акаевнинг Қирғизистонни тарк этганини тасдиқлашмаяпти. АҚШ Давлат Департаменти мулозими Адам Эрели Вашингтон бу маълумотни тасдиқлай олмаслигини маълум қилди. Эрелига кўра, АҚШ ҳукумати Қирғизистондаги вазиятни Бишкекдаги элчиси, шунингдек Россия расмийлари ҳамда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти мулозимлари билан муҳокама қилган.

"Қирғиз халқи ўз сиёсий келажагини белгиларкан, у буни умумэътироф этилган тинч мулоқот, эркин фикр ва толерантлик тамоилларига таянган холда амалга ошириши керак", - деди АҚШ Давлат Департаменти мулозими Адам Эрели.

Қирғизистон парламенти, шунингдек, пайшанба куни қамоқдан озод этилган мухолифа етакчиси Феликс Куловни куч салоҳиятига эга барча вазирликларга бошлиқ этиб сайлади. Собиқ вице-президент Кулов давлат мулкини ўғирлаганлик айби билан 2000 йилдан бери қамоқхонада сақланаётган эди.

"Мен қандайдир лавозимни эгаллаш учун қамоқхонадан чиқарилганим йўқ, мен тартибсизликлар рўй беришига йўл қўймаслик учун бу ердаман ва асосий вазифам шу", - деди Кулов журналистларга берган интервьюсида.

Аммо Қурмонбек Бокиевнинг айтишича, Қирғизистон хавфсизлик, ички ишлар ҳамда мудофаа вазирлари лавозимларини тарк этмаган. Улар мухолифат билан бирга мамлакатда тартиб ўрнатиш борасида ҳамкорлик қилишмоқда.

"Қирғизистон Миллий хавфсизлик ҳизмати бошлиғи Иманқулов ишлаяпти. Биз ҳозиргини у билан учрашиб, гаплашиб олдик. Ва унинг идораси Қирғизистон Республикаси хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳар кунгидек иш олиб бормоқда. Мудофаа вазири Эсен Тўпўев билан ҳам ҳозиргина учрашдик. У ҳам мамлакатимиз сархадларини ҳимоя қилишда ҳар кунгидек ишини давом эттирмоқда", - деди Қирғизистон мухолифати етакчиси Қурмонбек Бокиев.

Россия Марказий Осиёни ҳали ҳамон ўз таъсири остидаги ҳудуд, деб билади. Бир неча кун аввал эса Россия Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавров Қирғизистондаги воқеалар ривожланишида ташқи кучларни айблаганди. Лавровга кўра, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Қирғизистондаги сайловлар халқаро меъёрларга жавоб бермади, деган танқиди билан намойишларга йўл очиб берган.

Шунингдек Россия матбуотида Қирғизистондаги воқеаларда Американи ҳам айбловчи мақолалар босилганди. Аммо АҚШ Давлат департаменти мулозими Адам Эрели бу айбловни инкор этди.

"Биз Қирғиз мухолифатини дастаклаганимиз йўқ. Биз дунё жамоатчилиги қатори Қирғизистонда барқарорлик тикланиши ва демократия ривожланишини хоҳлаймиз. Ва Европа ҳамда Марказий Осиёдаги халқаро ташкилотлардаги дўстларимиз билан ҳамкорлик қилиб Қирғиз дўстларимизга ўз йўлларини топиб олишларида ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз", - деди Адам Эрели.
XS
SM
MD
LG