Линклар

Қирғизистон шабадаси қўшни давлатларга ҳам етади

  • Садриддин Ашур

Қирғизистонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар ўзбекистонлик сиёсатшунослар ўртасида баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти. Улар бу воқеалар тасодифми ёки тарихий заруриятми, деган саволга жавоб изламоқда.

Аммо улар бир фикрда қатъий, яъни бу воқеалар ўз-ўзидан юз бераётгани йўқ. Қирғизистонда ижтимоий аҳволнинг ўта ёмонлиги, ҳокимият бўғинларида коррупциянинг авж олгани, амалдорларнинг халқ билан ҳисоблашмай қўйгани бунга сабаб бўлган.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг сўзларига кўра, мухолифат айнан ҳукуматнинг хатолари туфайли ғалабага эришган. Ҳукумат мухолифатнинг кучини назарга элмай, музокарага бормади ва бу унинг учун ҳалокатли тугади.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқнинг таъкидлашича, ҳукуматларнинг ўзгариб туриши тарихий ҳақиқат ва бундан қочиб бўлмайди. Аммо Асқар Акаев оила аъзоларини мамлакат бошқарувига тиқмай, ҳокимиятдан вақтида кетганида бундай ўзгаришлар ҳозирги кўринишда амалга ошмаган бўларди. Ҳукуматлар ўзгаришини минтақанинг бошқа давлатларида ҳам кутиш керак.

Сиёсатшунос Баҳодир Мусаевнинг фикрича, Қирғизистонда ҳақиқий инқилоб бўлди. Аммо бу ҳали демократия ғалаба қозонди, дегани эмас. Шунга қарамай, Акаев тузумининг йиқилиши Марказий Осиёдаги барча диктаторларнинг мустаҳкам ва ишончли пойдеворга эга эмаслигини кўрсатиб берди. Бу воқеа минтақа тарихида янги саҳифа очди.

Т.Йўлдошевнинг айтишича, демократиясиз ривожланиш бўлмайди. Ривожланиш бўлмаса, омма ҳукуматга қарши чиқади. Қирғизистондаги воқеалар Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам қўнғироқ вазифасини ўтаб, халқ билан ҳисоблашиш, мухолифатни тан олишга ундаши керак.

Кузатувчи Баҳодир Чиғатойнинг эътирофича, ўтган 15 йил давомида Ўзбекистон халқининг онгига шунчалик ишлов берилганки, Қирғизистондаги инқилоб руҳи уни уйғота олмайди.

Б.Мусаев Қирғизистон воқеалари Ўзбекистон ҳукуматини карахт аҳволга солиб қўйганини таъкидлади.

“Чунки ҳукуматимиз қирғизларни бунақа ишларга қодир эмас, деб ҳисоблар эди. Ажабланарлиси шундаки, Акаев тузуми қурол ишлатишга журъат этмади. Агар бизда шундай воқеа бўлганига, қон тўкилиши шубҳасиз эди”, - деди Б.Мусаев.

Б.Мусаев агар Қирғизистон ҳақиқий озодлик ва демократия оролига айланса, унинг шабадаси нафақат Ўзбекистонга, балки бошқа қўшни давлатларга ҳам етишини башорат қилди.
XS
SM
MD
LG