Линклар

logo-print

Хуршид Дўстмуҳаммедовга Қирғизистондаги “хунук воқеалар” ёқмади


Тўлқин “Озодлик” мухбири Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган “Адолат” ва “Миллий тикланиш” партиялари ҳамда мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси вакилларига Қирғизистондаги воқеаларга муносабат сўраб мурожаат қилди.

Мухбир: Партиянгиз Қирғизистондаги воқеаларга қандай баҳо беради?

Равшан Ҳайдаров (“Адолат” социал демократик партияси вакили): Ташқи ишлар вазирлигимиз Қирғизистоннинг ички ишларига четдан аралашмаслик, юзага келган вазиятни тинч йўллар билан ҳал қилиш ҳақида баёнот берди. Биз ҳам шунинг тарафдоримиз.

Хуршид Дўстмуҳаммедов (“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси): Кейинги йилларда Грузия ва Украинада юз берган воқеалар бир-бирига ўхшаб кетиши билан одамларни ҳайрон қолдираётган эди. Буни қарангки, мазкур мамлакатларни узоқда десак, ён қўшнимиз Қирғизистонда ҳам шундай воқеа фавқулодда юз берди. Бундай хунук воқеанинг юз бериши, қардош халқнинг бошига тўполон, ташвиш тушганидан мен оддий фуқаро сифатида ҳам, депутат сифатида ҳам, партия раҳбари сифатида ҳам ҳайрон бўлиб турибман.

Нигора Ҳидоятова (“Озод деҳқонлар” партияси раҳбари): Қирғизистонда Марказий Осиёдаги барча авторитар тузумларни карахт қиладиган воқеа содир бўлди. Бу, албатта, собиқ иттифоқ ҳудудида содир бўлган учинчи, деярли қон тўкмасдан амалга оширилган ҳақиқий демократик инқилобдир. Чамаси, “домино эффекти” ишга тушганга ўхшайди, яъни бир бўғиннинг инқирозга юз тутиши бутун тизим ҳалокатига олиб келди. Ўтган 14 йил давомида собиқ иттифоқ ҳудудида пайдо бўлган тузумлар ўзларининг халққа қарши сиёсатини юргизиб, инсон ҳуқуқларини топтаб, шунингдек, халқ бойлигини талон-тарож қилиб, айни пайтда дунё ҳамжамиятини алдаб келди.

Мухбир: Сиз Қирғизистондаги воқеаларни демократик инқилоб ҳисоблайсизми ёки демократик меъёрларга зид давлат тўнтаришими?

Р.Ҳайдаров: Охирги вазият шуни кўрсатяптики, давлат тўнтаришига ўхшаб кетяпти. Аввалига демократик ҳаракатлар ва уларнинг раҳбарлари кўзга ташланган эди. Аммо уларнинг мақсадлари аниқ эмас. Норозиликлар сабаблари парламент сайловига бориб тақалгани маълум бўлса-да, уларнинг сиёсий ғоялари ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ.

Х.Дўстмуҳаммедов: Бу воқеалар бебошлик, ғайриқонуний хатти-ҳаракатдир. Расмий ҳукуматга ғайрирасмий тажовуз дейиш мумкин. Майли, муаммо бордир, етилгандир. Майдонга чиққан кишиларни қуюшқондан чиқарадиган бирор нарса бўлгандир. Лекин маданий жамиятда ҳар қандай муаммонинг ечимини юзма-юз ўтириб, муроса йўли билан топиш мумкин эди. Бу воқеалар оддий халққа ҳеч қачон яхшилик олиб келмайди.

Н.Ҳидоятова: Мен буни, албатта, халқ демократик инқилоби, деб биламан. Ниҳоят, 15 йил давомида тўпланиб келган халқ ғазаби жўшиб, авторитар тузум занжирининг кучсиз бўғинидан ёриб, ташқарига чиқди. Эҳтимол у Украинадаги каби батартиб, яхши ташкиллаштирилмагандир. Ҳар ҳолда бу Осиёга хос бир хусусият. Биз бу воқеалар Марказий Осиё учун ўта муҳим аҳамиятга эга, минтақа халқларида уйғониш жараёни бошланганини англатади, деб ҳисоблаймиз.

Мухбир: Қирғизистонда воқеаларнинг бундан кейинги ривожи қандай бўлади, деб ўйлайсиз?

Р.Ҳайдаров: Албатта, яхшиликка, тинчликка умид қиламиз. Қон тўкилмаса, халқ озор кўрмаса, яхши. Барибир халқнинг донолиги бор. У енгиб чиқади. Тўс-тўполон билан ҳеч нарсани ҳал қилиб бўлмайди. Қирғизистондаги осойишталик Ўзбекистонга ҳам фойдалидир. Чунки минтақадаги ҳар қандай беқарорлик барчага таъсир кўрсатади.

Х.Дўстмуҳаммедов: Хоҳлаймизми, йўқми, ғишт қолипдан кўчди. Акаев қаерда юрибди, нима чора кўради, бу унга ва ҳозир норасмий деймиз, мухолифат раҳбариятига аён. Умидимиз шуки, ҳар қандай вазиятни қирғиз халқи энг чиройли, маданий йўл билан ечади.

Н.Ҳидоятова: Аввало, мухолифат раҳбарлари юзага келган сиёсий инқирозни бартараф этиб, конституциявий тузумни тиклаши, мамлакатда тартиб ўрнатиши лозим. Кейин эса, назаримда, ислоҳотларга киришиш керак.


P.S. Ўзбекистон халқ демократик партияси, “Фидокорлар” партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал демократик партияси вакилларидан саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG