Линклар

Устадан чиққан ҳуқуқ ҳимоячиси


Наманганлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Собитхон Устабоев 1955 йилда туғилган. Асли касби телерадио ва видеоускуналар тузатувчи уста бўлган С.Устабоев 1996 йилда “Бирлик” халқ ҳаракати сафига қўшилган.

Ҳозир у ўзи ташкил этган “Ҳимоя гуруҳи” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига раҳбарлик қилмоқда.

“Собиқ СССРда бошланган қайта қуриш сиёсати кўпчилик қатори менинг ҳам ижтимоий-сиёсий тафаккурим ўзгаришига хизмат қилди. 1987 йилдаёқ коммунистик партия сафидан чиқиш тўғрисида шаҳар партия қўмитасига ариза бергандим”, - дейди С.Устабоев.

1989 йилда Наманганда “Бирлик” халқ ҳаракатининг бўлими ташкил этилганди. С.Устабоевнинг айтишича, у бўлим аъзоларини сиёсий жиҳатдан ўзидан саводли кишилар деб ҳисоблаб, уларга хайрихоҳлик қилган, аммо сафига қўшилмаган.

“Лекин кейинчалик тушундимки, - деди С.Устабоев, - мен ва менга ўхшаганларнинг ҳаракатсизлиги Ўзбекистонда диктатура кучайишига замин бўлган. Шунинг учун 1996 йилдан сиёсий фаолиятни бошладим. 2002 йилдан мустақил равишда ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулландим. 2003 йил май ойида “Ҳимоя гуруҳи” ташкилотини туздик”.

С.Устабоевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда тазйиққа учрамаган бирорта инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси йўқ. 2003 йилда унга нисбатан тазйиқ ўтказиш мақсадида ўғли Умархон устидан жиноят иши қўзғатилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини битирган Умархон Жиноят кодексининг 159-моддаси (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) бўйича айланган. Аммо у ўғлини чет элга чиқариб юборишга улгурган. Айни пайтда Умархон Канадада яшамоқда.

С.Устабоевнинг фикрича, Ўзбекистон Конституцияси инсон ҳуқуқлари кафолатланиши жиҳатдан баъзи Европа давлатлариникидан қолишмайди. Лекин бугунги кунга келиб бу моддаларнинг бузилмагани қолмаган.

С.Устабоеванинг хотини Мавлуда Оғалиқова эрининг ишидан кўп ҳам хурсанд эмас. Чет элга чиқиб кетган тўнғич ўғлини узоқ муддат кўрмаслик, бошқа фарзандлари тақдиридан хавотир уни доимо эзиб келади.

С.Устабоевнинг иккинчи ўғли Насимхон эса отасини тушунишга ҳаракат қилади.

“Отам халқпарвар одам бўлгани учун ундан фахрланаман. Ўринларида бўлганимда мен ҳам шу йўлни танлаган бўлар эдим”, - дейди Насимхон.
XS
SM
MD
LG