Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:15

Ер ва экиннинг эгаси бўлмагач…


Тўлқин Ўзбекистон Президентининг 2005 йил 5 мартда чиқарилган “Экинларнинг пайҳон қилинишига қарши кураш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори анъанавий қарор ҳисобланади.

Ҳар йили қабул қилинадиган бу мазмундаги қарор ғалла майдонларининг пайҳон қилиниши олдини олиш мақсадига қаратилади.

Бу галги қарорда, хусусан, қуйидаги жумлалар бор: “Экинларни пайҳондан асрашни таъминлашга фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, фермерлар, деҳқонлар ва бошқа ердан фойдаланувчиларни жалб қилишга етарли эътибор қаратилмаяпти. Натижада экинларни пайҳон қилиш ҳоллари ҳамон учрамоқда, бу эса ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳосилининг катта исроф бўлишига олиб келмоқда”.

Қарорда бу йилги мавсумда маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари экинларнинг пайҳон этилишига қарши курашни янада кучайтириши, фермер ва деҳқонлар, аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилиши лозимлиги таъкидланади.

Бу борада жойларда амалга оширилаётган ишлар мунтазам равишда матбуот, телевидение ва радио орқали ёритилиши зарурлиги айтилади.

Қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш Бош вазир Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги раҳбарлари зиммасига юклатилади.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти бўлими раиси Холиқназар Ғаниев бу қарор қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат назоратини кучайтиришнинг бир кўриниши эканини таъкидлади.

Сиёсатшунос Тошпулат Йўлдошевнинг сўзларига кўра, бу мазмундаги қарор қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги ҳали ҳам мустақил бўлмаганини, тизим бозор иқтисодиётига ўтмаганини, фермер ва ширкат хўжаликларнинг ҳуқуқсизлигини кўрсатиб турибди.

“Агар ер ўз эгасини топганида экинлар пайҳон қилинмас эди. Ернинг ҳам, экиннинг ҳам эгаси йўқ. Шунинг учун ҳукумат пайҳон қилинмаслик чорасини ўзи кўряпти”, - деди Т.Йўлдошев.

Жиззахлик фермер Маъмуржон Азимовнинг билдиришича, вилоятда экинларнинг пайҳон қилиниши ҳолатлари учраб турибди. Президент қароридан сўнг баъзи фуқароларнинг экинларни пайҳон қилган молларини сўйиш ҳолатлари бўлган.
XS
SM
MD
LG