Линклар

А.Бойматов: “Ўзбекистон халқи асрлар давомида ҳуқуқсиз бўлган”

  • Садриддин Ашур

Кўзойнак таққан, қўлтиғига қалин папка кўтариб юрадиган Абдужалил Бойматов Тошкентда ўтказиладиган норозилик пикетларининг доимий иштирокчиси. Шунинг учун муайян доираларда у анча машҳур.

А.Бойматов аслида илм одами, физика-математика фанлари номзоди. Тез-тез гапирадиган, сўзлаганда пешонасидаги ажинлари тиришиб кетадиган бу инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясининг аъзосидир.

А.Бойматовнинг фикрича, Ўзбекистон халқи хонликлар даврида ҳам, шўро замонида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам ўз ҳуқуқига эга бўлмай келмоқда. Шунинг учун инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бугунги кунда жуда долзарбдир.

Тошкентдаги пикетларнинг ҳаммаси ҳам силлиққина ўтаётгани йўқ. А.Бойматовнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари турли йўллар билан пикетларни чиппакка чиқаришга ҳаракат қилади.

Жорий йил 9 февралда Тошкент шаҳри ҳокимлиги биноси пикет қилинаётган пайтда А.Бойматов бир гуруҳ номаълум аёллар томонидан калтакланди. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу аёллар махсус хизматлар томонидан ёлланганига ишонади.

А.Бойматов ҳар бир пикетда мамлакатда инсон ҳуқуқлари паймол этилаётгани ҳақида гапиради. Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга даъват этади.

У ҳамма вақт шу йўналишда иш олиб боришини, дам олиш учун деярли фурсат бўлмаслигини айтади.

“Баъзан фаолиятимда мажбурий тўхташлар юз беради, албатта. Масалан, ички ишлар бўлимига олиб кетишганда, пикетлар ўтказиш тўхтатиб қўйилганда шундай бўлади. Ўшанда сал-пал дам олишим мумкин”, - дейди А.Бойматов.

Унинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон шароитида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлиш қийин. Бу фаолиятни танлаган шахсга, унинг оиласига таҳдид бўлиш эҳтимоли жуда кучли.

“Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ёки сиёсий фаолият билан шуғулланмаётган, шунга қарамай, бегуноҳ ёки арзимаган сабаблар билан қамалиб кетаётган қанчадан-қанча инсонлар бор, - дейди А.Бойматов. - Шунинг учун “ажали етмаган қирқ йиллик қирғинда ҳам ўлмайди”, деган мақолга амал қилиб юраверамиз”.

А.Бойматов хотини, икки ўғли ва бир қизи билан икки хонали уйда яшайди. Уйи ҳам оддийгина, таъмирталаб.

Аёли Саломат опа собиқ боғча тарбиячиси. Ҳозир майда савдогарлик қилади.

“Инсон ҳуқуқи ҳимоячисининг хотини бўлиш қандайлиги ўзимга аён. Мен ҳам, болаларим ҳам доимий хавотирда ўтирамиз”, - дейди Саломат опа.

А.Бойматов “Эрк” партияси билан бир қаторда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг ҳам аъзоси. Лекин қайси мухолиф партия ёки инсон ҳуқуқлари ташкилоти пикетлар ўтказмасин, барчасида қатнашаверади.

Ўзининг айтишича, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳар доим давом эттираверади.
XS
SM
MD
LG