Линклар

logo-print

Сотволди ота ўғилларининг қотилларини излайди


Феруза Бир неча йиллардан бери ўзбекистонликларнинг ҳукумат ва давлат сиёсатидан норози бўлиб, адолат излаб пикетлар ўтказиши одатий тус олди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ёки оддий фуқаролар ўтказаётган бундай пикетлар иштирокчилари орасида ҳар доим бир кишини кўриш мумкин.

Қишнинг изғирини, ёзнинг жазирамасига қарамай, бўйнига “Ўғилларимнинг қотилларини топиб беринг!” сўзлари ёзилган плакатни осиб олган сочлари қордек оппоқ бу отахоннинг ажинлардан буришиб кетган юзларида, кўзларида аллақандай мунгни кўрасиз.

Ҳаёт қийинчиликлари залворли қаддини бука олмаган, Ўзбекистон ҳукуматидан, қолаверса, жамиятдан адолат истаб муроди ҳосил бўлмаган, аммо қачонлардир додини биров тинглашига умид қилаётган бу киши 71 ёшли Сотволди Абдуллаевдир.

С.Абдуллаев ўзига ўхшаганларнинг фожеалари, муаммоларини эшитиб-кўравериб, ўзи ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига айланган.

Отахоннинг икки ўғли ота-онанинг орзу-ниятини рўёбга чиқариши лозим бўлган навқирон ёшида жиноят содир этиб, озодликдан маҳрум қилинган.

Жинояти учун жазони олган, қамоқдан чиққач, озодликнинг қадрига етиб, қайта тарбияланган кишилар кўплаб учрайди. Аммо С.Абдуллаевнинг ўғилларига бундай имконият берилмади.

“Ўғилларим қамоқда 5-6 ой ётди. Жазони ўташ вақтида улар баъзи бир хатоларга йўл қўйган. Қамоқхона бошлиқлари ўғилларимни бу йўлдан қайтариш ўрнига қўллаб-қувватлаб, шароитлар яратиб берган. Бунинг эвазига фарзандларимнинг кучидан ўзларига ёқмаган кишиларни йўқотишда, жумладан, бир маҳбусни ўлдиртиришда фойдаланган”, - дейди С.Абдуллаев.

Унинг ҳикоя қилишича, бу воқеадан беш кун ўтгач, ўғиллари жиноят содир этишга гумон қилиниб, Қоровулбозордаги қамоқхонадан Бухоро шаҳридаги 3-тергов ҳибсхонага келтирилган. Бу ерда айби аниқланмаган ҳолатда ўғилларидан бири тергов ходимлари томонидан ваҳшийларча ўлдирилиб, махфий равишда номаълум жойга олиб бориб кўмилган.

Бир фарзанди қийноқлар остида ўлдирилганига ишончи комил, иккинчисининг эса на ўлик, на тиригидан хабардор отанинг олти йилдан бери фақат сурати қолган.

С.Абдуллаевнинг аёли ва қизи азизларининг бундай мудҳиш тақдири юкини кўтара олмай, оғир касалликка чалинган. Отахоннинг ўзи шу икки ногирони, қолаверса, катта ўғлидан қолган зурёдлар учун ягона масъул ва ягона умиддир.

Отахон қариган чоғида инсон ҳуқуқлари ҳимоячисига айланган. Ўзининг сўзларига қараганда, унга жуда кўп тазйиқлар ўтказилган. Калтакланган, ўлдириб юборилиш билан қўрқитилган.

“Бир бошга бир ўлим бор. Икки ўғлимдан жудо бўлгач, мен адолатсизликка учраган бошқа инсонларни ҳимоя қилишга умримни бағишлашга қарор қилганман”, - дейди С.Абдуллаев.

“Хўжайиним катта ўғлимнинг қабрини қидириб, бир ярим йилдан сўнг мурдани қаздириб олиб, чириб адо бўлган жасадни кўрганида Аллоҳ унга қанчалик ирода ва сабр-бардош берди экан,- дейди отахоннинг аёли юм-юм йиғлаб. – Эрим иккинчи ўғлимнинг ўлик-тириги ҳақида бирор хабар илинжида кечаю кундуз мижжа қоқмайди. Бизга бор-йўғи биттагина хабар кифоя эди. Ўшанда у балки таскин топарди”.

С.Абдуллаев ўғилларининг судсиз, ноқонуний қатл қилиниши, ҳукуматнинг қотилларга ҳеч бир жазо бермаётгани, яқинларининг руҳий изтироблари курашни тўхтатишига қўймаслигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG