Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:14

“Freedom house” ваколатхонаси пикет қилинди


28 март куни инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва оддий фуқаролардан бир гуруҳи АҚШга қарашли “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасини пикет қилди.

Улар ваколатхона ижрочи директори Мьюша Севернинг истеъфосини талаб қилди.

Пикетчиларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ ҳимоячилари илгари ваколатхона билан яқин ҳамкорлик қилар эди. Аммо М.Север раҳбар бўлиб келгандан кейин бу алоқаларга путур етди. Чунки М.Север ҳукумат билан келишган ҳолда иш юритмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов М.Север мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан иғволи ишлар қилаётганини билдирди.

“Журналистларни микрофон ишлатишга қўймаслик, ўзига ёқмаган ҳуқуқ ҳимоячиларини ваколатхонанинг ресурс марказларига киритмаслик ҳоллари М.Север даврида бошланди. У Ўзбекистоннинг репрессив ҳукумати билан келишиб иш олиб боряпти. М.Север баъзи ҳуқуқ ҳимоячиларини фаол ишлашдан қайтаришга урингани ҳам маълум”, - деди С.Икромов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг айтишича, ўтган йили “Freedom house” воситачилигида қамоқхоналардаги қийноқларга чек қўйиш мақсадида ИИВ жазони ижро этиш бошқармаси вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари иштирокида тезкор гуруҳ тузилган эди. Бироқ бу гуруҳ ишламаган.

“Шахсан ўзим бу гуруҳга қийноқлар ҳақида ўттизта ариза берганман. Бироқ бу аризаларнинг бирортаси ҳам инобатга олингани йўқ. Қамоқхонада ўлганларни текшириш мақсадида М.Север чақирган хорижий экспертлар ҳам холисона ишлагани йўқ. Улар ҳукумат фойдасига қарор чақириб кетди. М.Север ИИВ тергов бошқармаси бошлиғи Алишер Шарафиддиновга Ўзбекистондаги энг таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, дея баҳо берди. Ҳолбуки, ўша куни - Инсон ҳуқуқлари халқаро куни бўлмиш 10 декабрда мен ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ички ишлар бўлимида қамаб қўйилган эдик”, - деди Е.Урлаева.

Пикетчиларнинг таъкидлашича, М.Север Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари бўйича муқобил ҳисобот учун БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига соҳага ҳеч қандай алоқаси бўлмаган уч кишини жўнатган. У Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фаолиятига ҳар томонлама тўсқинлик қилмоқда.

М.Север хоним шу куни “Freedom house” биносида бўлмагани сабабли ваколатхона раҳбарларидан бири Бранко Шесто пикетчилар талаблари ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Унинг айтишича, айни пайтда М.Север “Мулоқот” номли лойиҳани бошқаряпти, холос. Лойиҳа муддати тугагач, М.Севернинг Тошкентда қолиш-қолмаслик масаласи кўриб чиқилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG