Линклар

logo-print

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво Ўтган ҳафтада марказий нашрлар, асосан, мамлакатдаги Наврўз тантаналари ҳақида мақолалар берди.

Қўшни Қирғизистондаги воқеалар хусусида маҳаллий матбуот Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотларини, “Халқ сўзи” (22 март сони) ва “Қишлоқ ҳаёти” (25 март) газеталари эса “Халқаро ҳаёт” саҳифаларида кичик хабарлар бериш билан чекланди.

“Халқ сўзи”нинг 24 март сонида Қирғизистондаги воқеалар юзасидан бир неча таниқли кишиларнинг мулоҳазалари ҳам берилди. Жумладан, шоир Мирпўлат Мирзо қуйидагича ёзади: “…бундай нозик дамларда қандай ҳаракат қилиш кераклигини ҳар бир мамлакатнинг ўзи белгилайди. Лекин шуни айтмоқчи эдимки, кекса тарих гувоҳ: бундай талотўплар, ур-йиқитлар ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган. Ҳадиси шарифларда мўътадил бўлиш, босиқ-вазминлик инсон боласи учун энг тўғри қарор эканлигини эслатгим келади”.

“Қишлоқ ҳаёти”да 25 март куни эълон қилинган “Ҳукумат уйи ишғол қилинди” сарлавҳали хабарда, жумладан, бундай дейилади: “Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги ҳукумат уйини мухолифат кучлари ишғол қилишди. Бу ҳақда “Риа-Новости” хабар қилади. Тахмин қилинишича, мухолифатчилар қароргоҳни ишғол қилишган вақтда мамлакат Президенти Асқар Акаев бинода бўлмаган. Баъзи маълумотларда келтирилишича, Акаев оиласи билан Бишкекдаги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти идорасида паноҳ топган”.

Ўтган ҳафтада “Зеркало 21” газетаси Қирғизистон мавзусига жиддийроқ эътибор қаратди. Россия оммавий ахборот воситалари материаллари асосида тайёрланган “Энди бодом инқилобими?” сарлавҳали мақолада қуйидаги сўзлар бор (русчадан таржима): “Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги стратегик объектлар қўлга киритилгач, оломон раҳбарлари бундан кейин нима қилишни билмаётгандек туюлмоқда. Агар улар эрталаб Президент Асқар Акаев билан музокаралар олиб боришни талаб қилган бўлса, “Новая газета” мухбири Ирина Гордиенконинг айтишича, кундузга келиб музокаралар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаяпти. Гордиенко Ўш қўзғолони раҳбарлари фикрларини бундай келтиради: “Аввал сўраганимизда ҳеч ким бизни эшитмади ҳам, сезмади ҳам. Энди бутун ҳокимият бизнинг қўлимизда экан, ҳеч қандай музокара бўлишини хоҳламаймиз”. Мамлакат жанубида вазият тинчлангандан кейин мухолифат Бишкек томон юришни режалаштирмоқда”.

“Ҳуррият” газетасининг ўтган ҳафта сонида Тошпўлат Раҳматуллаевнинг “Бизники қандай?” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Муаллиф Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги кадрлар ҳамда ҳозирда юзага келган ҳолатнинг айрим жиҳатлари ҳақида мулоҳаза билдирар экан, жумладан, бундай ёзади: “Муҳокамага лойиқ яна бир муаммо – журналистнинг бирор факт ёки воқеа-ҳодиса ҳақида хабар бераётганида бир нечта манбага таяниши масаласидир. Хорижлик журналист бир масала юзасидан икки ва ундан кўп кишининг фикрини олади. Албатта, бир масала юзасидан қарама-қарши нуқтаи назарга эга бўлган мутахассисларга мурожат этади. Бизнинг айрим касбдошларимиз эса ўзининг фикрини баён қилиш билан чекланиб қолишади”.
XS
SM
MD
LG