Линклар

logo-print

Фарғонада намойишларга йўл берилмади


Фарғонадаги инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир неча ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари соҳасида юргизаётган сиёсатидан норозилик сифатида 29 мартда вилоятда тинч намойишлар ўтказилиши ҳақида баёнот тарқатган эди.

Аммо бундан хабар топган ҳокимият органлари намойишларга тўсқинлик қилди.

Марғилондаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг сўзларига қараганда, бу намойишлар вилоят ва туманлар марказларида соат 10 да бошланиши керак эди.

“Аммо шу куни соат эрталаб соат 8 ларда вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи подполковник Рустам Абдуллаев менга қўнғироқ қилиб, бир соатгина суҳбатлашиш мақсадида бошқармага чақирди. Мени у ердан ҳеч қаерга чиқармасдан, кеч соат 18.30 гача олиб ўтиришди”, - деди М.Тожибоева.

Р.Абдуллаевнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, ҳақиқатан ҳам М.Тожибоева бошқармага чақирилган. Унга Қирғизистондаги воқеалар эслатилиб, рухсатсиз намойишлар Ўзбекистонда ҳам нотинч вазиятни юзага келтириши мумкинлиги, митинг ва норозилик чиқишлари ўтказишнинг қонуний жиҳатлари тушунтирилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъкидлашича, 29 март куни эрталабдан намойиш ўтказилиши олдини олиш учун вилоятдаги барча туманлар марказларида назорат кучайтирилган. Хусусан, шундай ҳолат Риштон туманида ҳам кузатилган.
XS
SM
MD
LG