Линклар

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси аёвсиз калтакланди

  • Садриддин Ашур

29 март куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти Дўстлик тумани бўлими раҳбари Эгамназар Шойманов бир гуруҳ кишилар томонидан шафқатсиз калтакланди.

Э.Шоймановнинг 30 март куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида айтган сўзларига қараганда, у 29 март куни Дўстлик туманидан мажбурий кўчирилган фермер Омина Қамбарованинг уйига борганида бир гуруҳ одамлар уни ушлаб, “Дамас” машинасида овлоқ бир жойга олиб борган.

“Улар мени тинтув қилгандан кейин, машина-трактор паркига олиб келди. Бу ерда хўжалик раҳбари Анвар Шербеков бошчилигидаги яна бир гуруҳ одамлар кутиб турган экан. А.Шербеков бошлаб берган калтаклашни унинг тарафдорлари бўлган бошқа фермерлар давом эттирди. Уларга Дўстлик тумани марказидан келганлар ҳам қўшилди”, - деди Э.Шойманов.

Э.Шоймановнинг айтишича, уни уйига боргунча йўл-йўлакай калтаклаб боришган. “Кўчириб юборамиз”, дея одамларни йиғишган.

“Мен уйга кириб ётиб қолдим, - деди Э.Шойманов. - Лекин мени судраб, қайта оломон олдига олиб чиқишди. Хўжалигимизда безорилиги билан танилган Холбек исмли каратэчи бир зарба бергандан кейин нима бўлганини билмайман”.

Э.Шойманов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзолари томонидан Тошкентга олиб келинди. Ҳозир у шифохонага ётқизилган.

Жамият раиси Толиб Ёқубов эътирофича, ҳокимият вакиллари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини танлаган йўлидан қайтариш учун милиционерлар эмас, оддий халқ ичидан чиққан зўравонлар кучидан фойдаланиш тактикасини танлаган.

Т.Ёқубовнинг билдиришича, Жиззах вилояти ҳокими ва туман ҳокимлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши ҳужум бошлаган. Масалан, яқинда вилоятдаги ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири Муҳиддин Қурбоновнинг уйига милиционерлар ҳамроҳлигида бир неча кишилар келиб, унинг буюмларини ташқарига улоқтирган ҳамда кўчиб кетишни талаб қилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмуржон Азимов Э.Шоймановнинг калтакланишига Дўстлик туманидаги бир гуруҳ фермерларнинг Тошкентда пикет ўтказиб, вилоят ҳокими Убайдулла Яманқуловнинг истеъфосини сўрагани сабаб бўлганини таъкидлади.

Дўстлик тумани ички ишлар бўлими навбатчиси Пирматов Э.Шоймановнинг калтакланиши юзасидан бўлимга ариза тушмаганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG