Линклар

logo-print

Беморлар ризқига кўз олайтирманг!


Муҳиддин Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Қудуқча сил касалликлари шифохонаси ходимлари ва бу ерда даволанаётган беморлар туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбарларидан шикоят қилмоқда.

Уларнинг сўзларига қараганда, шифохонанинг Халқ банкидаги ҳисоб рақамидан фойдаланиш ҳуқуқи туман марказий шифохонасига ўтказилган. Шундан кейин беморларга ажратилаётган озиқ-овқат ва дори-дармон миқдори кескин камайиб кетган.

Сил касалига чалинган Маҳбуба Абдураҳмонова олти йилдан буён зарур вақтда шу шифохонада келиб даволанади. Унинг айтишича, илгари дори-дармон таъминоти бирмунча яхши эди. Аммо шу кунларда дори-дармонни ўз ҳисобидан сотиб олишга мажбур бўлмоқда.

Катта ҳамшира Санобар Маматованинг сўзларига қараганда, шифохонанинг ҳисоб-рақами Зомин туманининг Миромон Мирзиёев номидаги марказий шифохонаси бош врачи, шу билан бирга, туман соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари Гулсара Халилова кўрсатмаси билан олиб қўйилган.

Сил касалликлари шифохонаси бош врачи Назира Ёрова беморлар ва ходимлар гапида жон борлигини, ҳисоб-рақами марказий шифохонага ўтказилгач, озиқ-овқат ва дори-дармон таъминотида узилишлар бўлаётганини тасдиқлади.

“Силга чалинган беморлар, асосан, камбағал қатлам вакиллари бўлиб, уларга бутунлай бепул ёрдам кўрсатилиши керак. Шифохонамиздаги беморлар ДОТС дастури асосида даволанади. Уларга кучли овқат талаб қиладиган дори-дармонлар берилади. Аммо озиқ-овқат ҳам, дори ҳам камайиб кетиши беморларнинг силласини қуритиб, соғайишини секинлаштиряпти”, - деди Н.Ёрова.

Туман марказий шифохонаси бош врачи Г.Халилова вақти йўқлигини рўкач қилиб, ҳисоб рақами билан боғлиқ можаро юзасидан “Озодлик” мухбирига маълумот беришни ўринбосари Файзулла Исматуллаев зиммасига юклади.

Ўринбосарнинг таъкидлашича, тумандаги тиббий муассасаларда бухгалтер, кадрлар бўлими ходими, кассир каби штатлар мавжудлиги сабабли давлатга бир йилда қарийб 1,5 миллион сўм зарар етади. Қудуқчадаги шифохонанинг ҳисоб-рақами ёпилиши ҳам шу асосда амалга оширилган. Аммо бу шифохонага ажратилаётган маблағ миқдори ўзгаргани йўқ. Унга йил бошида режалаштирилган миқдорда озиқ-овқат ва дори-дармон ажратиляпти.
XS
SM
MD
LG