Линклар

Янги дастурдан умидлар катта, аммо...


Ҳакимбек 29 март куни Тошкентда Ўзбекистон тўқимачилик саноатига 2005-2008 йилларда сармоялар жалб қилиш дастурининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиш чораларининг халқаро тақдимоти бўлиб ўтди.

“Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатдаги дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар ва компаниялар, молия муассасалари вакиллари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири Рустам Азимов “Тўқимачилик саноатига 2005-2008 йилларда сармоялар жалб қилиш дастури” доирасида мамлакатда етиштирилган пахтанинг шу ерда қайта ишланиш кўрсаткичини ҳозирги 26 фоиздан 50 фоизга кўтариш режалаштирилганини таъкидлади.

Унинг айтишича, бу соҳада ишлайдиган янги корхоналар очиш орқали 50 мингта янги иш ўрни яратилади.

“Ўзбекистон тўқимачилик саноати хориждан сармоя жалб этишда бир қанча устиворликларга эга. Хомашёга бойлиги (мамлакатда йилига бир миллион 200 минг тонна пахта толаси етиштирилади) жиҳатдан Ўзбекистон дунёда илк бешликдан жой олган. Юқори малакали арзон ишчи кучи, электр энергиянинг арзонлиги, қўшма корхоналарга катта солиқ имтиёзлари берилгани сармоя киритиш истиқболли эканини кўрсатади”, - деди Р.Азимов.

Р.Азимовнинг билдиришича, Ўзбекистон тўқимачилик саноатига маблағ киритадиган хорижий сармоядорларга ҳам бир неча шартлар қўйилади. Масалан, янги ташкил этиладиган қўшма корхона маҳсулотининг 80 фоизини экспортга йўналтириши керак. Бу корхоналар энг замонавий ускуналар билан жиҳозланиши лозим.

Маҳаллий кузатувчилардан баъзилари бу дастур кўзланган натижа беришига шубҳа билдирмоқда.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, Ўзбекистондаги коррупция кутилган сармоя келишига катта тўсиқдир. Қолаверса, мамлакатдаги сармоявий иқлим жаҳон стандартларига мос эмас.

"Transparency International" халқаро ташкилотининг яқинда эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистон коррупция даражаси жиҳатдан жаҳонда 120-ўринни эгаллаши айтилган. Бу ўрин мамлакатда коррупция ўта авж олганини билдирилади.
XS
SM
MD
LG