Линклар

Ўзбекистон аҳолисининг бор-йўғи 2,06 фоизи Интернетдан доимий фойдаланади


Ҳакимбек 30 март куни Тошкентда мамлакатда “Рақамли ривожланиш ташаббуси” дастури доирасида шу вақтгача амалга оширилган ишлар якунларига бағишланган маросим ўтказилди.

Маросим доирасида мамлакатда 2002 йилдан расман амалга киритилган мазкур дастур давомида тайёрланган бир неча нашрларнинг тақдимоти ҳам ўтказилди.

“Рақамли ривожланиш ташаббуси” дастури раҳбари Шерзод Шерматовнинг сўзларига қараганда, ушбу лойиҳа доирасида давлат бошқарувида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш йўналишида иш олиб бориляпти. Бу йўналишда электрон ҳужжат алмашув тизимини жорий этилади. Давлатнинг аҳоли ва бизнес билан алоқаларини яхшилаш иккинчи йўналишдир. Бу йўналишдаги ишлар порталлар яратиш орқали амалга оширилади.

Ш.Шерматовнинг қўшимча қилишича, ўтган давр мобайнида мазкур дастур доирасида бир неча лойиҳалар амалга оширилган. Жумладан, “гов.уз” ҳукумат портали, “ре.уз” илмий-таълимий портали яратилишида кўмаклашилган. Шунингдек, Ўзбекистонда электрон ҳукуматнинг шаклланиши учун лозим бўлган қонуний ҳужжатлар тайёрланишида иштирок этилган.

Тадбирда дастур давомида олиб борилган тадқиқотлар самараси бўлмиш “Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларининг 2004 йилги ривожланиши таҳлили”, “Давлат бошқарувида ахборот-коммуникация технологиялари” тўпламлари ва соҳа терминологиясига бағишланган ўзбек-рус-инглиз тилидаги электрон луғатнинг тақдимоти ўтказилди.

Шу ўринда “Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларининг 2004 йилги ривожланиши таҳлили”да келтириб ўтилган маълумотларга эътибор қаратиш ўринлидир.

Унда келтирилишича, бугунги кунда мамлакат аҳолисининг 55 фоизи Интернетдан хабардор. Бироқ аҳолининг бор-йўғи 2,06 фоизи Интернетдан доимий фойдаланади. 2004 йилда мактаб ўқувчиларидан 434 тасига битта, талабаларнинг эса 16 тасига битта компьютер тўғри келган. Талабаларнинг 3,8 фоизи Интернетдан доимий фойдаланади.

Давлат идораларининг Интернетга уланиш даражаси 7 фоизни ташкил этади.

Ҳукумат идоралари сайтларининг аксарияти доимий равишда янгиланиб борилмаётгани тадбирда танқид қилинди.
XS
SM
MD
LG