Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:33

Ўзбекистонда термитларга қарши курашадиган биолаборатория йўқ


Термит қуртидан жуда катта зарар кўраётган хоразмликлар баҳорни хавотир билан қарши оляпти. Чунки айнан баҳор фасли бу зараркунандаларнинг кўпайиш даври ҳисобланади.

Дунёда термитларнинг 2800 га яқин тури бўлиб, шулардан 20 тури жиддий зараркунанда ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам термитларнинг жиддий зараркунда саналадиган икки тури учрайди.

Биолог олим Икром Абдуллаевнинг билдиришича, термитлар халқ хўжалигига жуда катта зарар етказаётганига қарамай, нафақат Хоразмда, балки бутун Ўзбекистонда унга қарши курашадиган бирорта биолаборатория йўқ.

И.Абдуллаев термитлар бўйича биологик тадқиқотлар олиб боряпти. Унинг айтишича, термитларнинг қанотли турлари баҳор ойларида урчийди. Улар жуда тез кўпаяди. Битта оилада 20-24 минг термит яшайди. 5-6 йил яшайдиган она термит умри давомида бир миллиондан ортиқ тухум қўяди.

Термит Хоразм вилоятининг кўпгина туманларида, жумладан, Хива, Шовот, Ҳазорасп, Питнак ва Янгиариқда кенг тарқалган.

И.Абдуллаевнинг билдиришича, Питнакдаги Шарловуқ қишлоғидаги уйларнинг 70 фоизи термитдан зарарланган. Хива шаҳрининг термитлар уясига айланган “Янги турмуш” ва “Мевастон” маҳаллаларидаги хонадонларнинг 90-95 фоизи авария ҳолатига келиб қолган. Ичанқалъадаги хонадонлардан бирининг термитлардан жиддий зарар кўрган томи қулаб тушиши оқибатида икки гўдак ҳалок бўлган.

Кишилар термитларга қарши курашда жуда оддий усуллардан фойдаланяпти. Кимдир бунинг учун керосинни, баъзилар суваракларга қарши дориларни ишга солмоқда.

Аммо, И.Абдуллаевнинг фикрича, бу усуллар вақтинчалик бўлиб, термитларга қарши курашда яхши самара бермайди.

Хивашунос олим Абдулла Абдурасуловнинг айтишича, термит қуртлари Хивадаги тарихий обидаларга ҳам жиддий хавф соляпти. Ҳозир шаҳардаги 30 та тарихий ёдгорлик термит қуртидан шикастланган.

Маълум бўлишича, 1996 йил 1 июлда вилоят ҳокимлиги фармойиши билан Хивадаги биноларнинг термит билан зарарланиш оқибатларини тугатиш бўйича махсус комиссия тузилган. 2001 йил 10 августда эса Вазирлар Маҳкамаси тузган махсус комиссия Хивадаги “Мевастон” маҳалласини зудлик билан кўчириш лозимлигини қайд этган. Бироқ шу пайтгача аҳолини кўчириш масаласи ҳал бўлгани йўқ.

Олимлар термитларнинг кўпайишига қарши аниқ чора-тадбирлар кўрилмаса, вазият янада жиддий тус олишидан хавотир билдиряпти.
XS
SM
MD
LG