Линклар

Энди кеч, энди кеч, энди кеч…


Сайтимизнинг азиз мухлислари. Ўзбекнинг буюк шоири Рауф Парфи вафоти муносабати билан 29 март куни эфирга узатилган эшиттиришимизнинг матнини баъзи қисқартиришлар билан сизнинг эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.

Модератор: Эшиттиришимизни Ўзбекистондан келган хабар, тўғрироғи машъум хабар билан бошлайман, афсуски. Абдулла Ориповнинг: “Бу дунёда йўқдир аслида, Шоир ўлимидан буюкроқ мотам”, деган сатрлари бор. 28 март куни ўзбеклар учун ана шундай буюк мотам куни ўлароқ тарихга кирди. Халқнинг кейинги асрлар давомида пешонасига битган улуғ фарзандлари, гўзал шоирларидан бири Абдурауф Парфи оламдан кўз юмди.

Шоирни у чеккан муттасил изтироблар олиб кетди балки. Рауф Парфи ўзбеклар тарихида Чўлпон ва Фитратлардан кейинги миллий озодлик, инсоний ҳурлик ғояларининг буюк куйчиси эди. Шоирлари маддоҳга айланган юртда қолган ҳақиқат овози эди.

29 март куни дўсту мухлислари жуссаси бир сиқимгина бўлиб қолган буюк шоирни тупроққа топширдилар. Унинг ўзи ёзгани каби “ҳайқириб ётган буюк мозорлар” қошига яна биттаси қўшилди.

Ҳозирги лавҳаларда ана шу мотам куни акс этади.

Мухбир: Дафн маросимидан кейин биз шоирнинг оила аъзолари, ёру биродарларига таъзимизни изҳор этдик. Биз билан суҳбатда бўлган адибу шоир, адабиётшунослар Рауф Парфи шахси ва ижодининг ўзбек адабиёти ва халқи учун тутган ўрни ҳақида гапирди.

Адабиётшунос Бахтиёр Исабеков: 20-аср ўзбек адабиётининг устунини ўзи кўп куйлаган она ери бағрига қўйиб келдик. Дунёда халқлар кўп, шоир-ёзувчилари, ижодкорлари кўп. Бизнинг ҳам ижодкорларимиз бошқаларникидан кам эмас. Рауф Парфининг фаолияти, умуман яшаш тарзи миллат учун қаратилган эди. Унинг миллати кенг қамровли эди. Яъни у ҳеч қачон маҳдуд бўлиб, ўзбекман, деб қолган эмас. Бу улуғ шоир туркларнинг ягона бир давлат бўлишини, демократик давлат бўлишини орзу қилиб келди. Бу орзуси совет ҳукумати даврида ҳам жуда кўп азобларга гирифтор қилди уни. Ундан кейин ҳам шундай азобларда бўлди.

Шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан: У бизнинг устозимиз, устозимиз бўлиб қолади ҳам. У нафақат шеъриятда ўзига ҳайкал қўйди. Нафақат шеъриятни қай даражаларга олиб чиқди, ҳаммамизга маълум. Лекин у бизни ватанни севишга, ватанпарварликка, миллиятчиликка, туркчиликка ўргатган буюк устозимиз ва шундай устозимиз бўлиб қолади. Ўзбек ҳамиша йўқотиб яшайди. Ўзбекка худо беради. Лекин уни йўқотади. Биз бугун Рауф Парфидек буюк устозимизни, буюк инсонни, ўзбекнинг каттакон шоирини йўқотиб турибмиз. Имоним комилки, она Туркистонимиз омон, соғ-саломат, у Рауф Парфидек буюк фарзандларни туғажак ва улар Рауф Парфининг йўлини давом эттиражак.

Мухбир: Рауф Парфи шеърининг бош ғояси Туркистон ғояси эди, дейди мутахассислар.

Адабиётшунос олим Наим Каримов: Мен Рауф Парфини ҳам инсон сифатида, ҳам шоир сифатида нафақат билиб, балки Рауф сиймосида Чўлпонга ўхшаган, истиқлол учун курашган, ўзбек шеъриятини янги тараққиёт босқичига олиб чиққан бир шоирни доим кўз олимга келтираман. Ҳали Рауфнинг хизматларини биз тадқиқ этганимизча йўқ. Рауф Парфи Чўлпон бошлаб берган, Ойбек томонидан давом эттирилган ажойиб лирик шеъриятни ниҳоятда баланд довонга олиб чиқди. Бундан ташқари, Рауф ажойиб шеърлари билан 70-80 йилларда ўзбек шеъриятида бошланган янгиланиш палласини, янги тафаккурга ўтиш палласини бошлаб берди. Ўз орқасидан бир неча истеъдодли шоирларнинг ўзбек шеъриятига кириб келиши ва шеъриятимизда янги фикрлар, ғоялар, шаклларнинг барқ уришига сабабчи бўлди. Рауф ижодининг икки томони бор. Бир томони, уни катта ижтимоий ғоялар билан йўғрилганлиги. У доим истиқлолни куйлаган, миллий ҳурриятни куйлаган, фикрнинг, инсон руҳининг эркин бўлишини куйлаган ва шу йўлда ўзининг бутун ҳаётини бағишлаган шоир эди. Иккинчи томони, Рауф Парфи ниҳоятда ҳассос шоир бўлгани учун ҳар бир сўзни, ҳар бир сатрни ниҳоятда пухта ишлаб, шундай шеърлар яратдики, бу шеърлар худди Навоийнинг, худди Чўлпоннинг шеърларига ўхшаб, ўзбек шеъриятининг дурдоналари бўлиб қолади.

Мухбир: Ўлими олдидан оғир хасталикка чалинган Рауф Парфи оиласи билан Тошкент шаҳридаги қаровсиз ётоқхонада яшади. Дафн маросими нега унинг куёви ҳовлсида ўтказилди?

Шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасанов: У умр бўйи уйсиз, жойсиз яшади. Бу дунёда кулбаси бўлмади. Чиқаришда ҳам куёвининг уйидан чиқардик. Ижараларда, бировларнинг уйида, бировларнинг жойида яшади. Ҳатто кўчаларда қолган пайтларини биламиз. Уй-жой қилмай ўтди дунёдан. Чунки уй-жой қилишга имкони йўқ эди, маблағи йўқ эди. Совет даврида ҳам, ҳозир ҳам. Ҳатто Ёзувчилар уюшмаси деган катта бир ташкилот унга қарамади. Уй сўраб кирганида Абдулла Орипов унга уй бермади. А.Орипов унга: “Сиз гадой бўлибсиз, Рауфжон”, деганда Р.Парфи: “Мен ҳаваскор гадойман, сиз профессионал гадойсиз”, деган. Менга шуни гапириб берганди. У ҳамма нарсадан, бойлик, давлат, унвон, мукофотлардан ўзининг шеъриятини, инсонийлигини баланд қўяр эди. У мислсиз, тенгсиз шоир эди. Мана шу шоирлиги билан яшади, шоирлиги билан ўтди. У ҳеч қачон яхши еб, яхши кийиниб, маъмур яшамади. Одамшавандалиги, қаландарлиги, девоналиги ўзбекнинг дардига айлантирди Рауф Парфини. Шунинг учун (ўлимини) эшитган одамлар ҳатто кечалаб келди. Кечаси 12 да мен етти жойда телефон қилдим. Ҳаммаси эшитганини айтди. Ўзбек халқи элим деган кишини, хоҳ шоир, хоҳ бошқа бўлсин, севади ва ҳеч қачон унутмайди. Мана шу севимлилиги учун, халқ билан, миллат билан бўлгани учун, элим, юртим, ватаним дегани учун мана шу юртнинг фарзандлари бу ерга келиб, шу ерни обод қилди. Қўлма-қўл кўтариб, тупроққа қўйдик.

Мухбир: Рауф Парфи ўлими ҳақидаги шумхабар 28 март куни тезда мухлислари, биродарлари орасида тарқалди.

Шоирнинг шогирди ва тадқиқотчиларидан бири Раҳимжон Раҳмат: Рауф Парфининг вафот этганини менга шоир в ҳофиз Дадахон Ҳасан телефон қилиб айтди. Мен ўша пайтда шифохонада эдим. Ёнимда дўхтирлар ва бошқалар бор эди. Мен ўша ерда шоирнинг мана бу шеърини овоз чиқариб ўқий бошладим:


Умр деганлари ўтмоқда шошқин,


Тилло баргларини элаб йўлимга.


Сенинг мангулигининг берадир таскин,


Эрта узилгувчи менинг умримга.

Рауф Парфи ўзбек жамиятидаги энг покиза ва тоза нур эди. Мана, ҳозир Рауф Парфининг жанозаси бўлади. Уни қаро тупроққа кўмишади. Лекин нурни кўмиб бўлмайди. Нурнинг устидан тупроқ тортинг, у ёришиб тураверади. Уни кетмон билан, болта билан чопиб бўлмайди. Рауф Парфи ўзбек жамиятини ёритиб турган заиф ва шу билан бирга ниҳоятда кучли, ҳеч қачон адо бўлмас нур эди.

Мухбир: Дафн маросимида ҳукуматнинг расмий вакиллари кўринмаса-да, нафақат адабиёт аҳли, балки олимлар, санъаткорлар, рассомлар, сиёсатшунослар ҳам иштирок этди.

Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев: Кўриб турибсизлар, дунёдан ўтганини кўпчилик эшитгани йўқ. Эшитганларнинг ўзи билан ҳам кўчалар, ҳовли тўлиб кетди. Масжидда жой йўқ. Одам шунчалик кўп келди. Бу бугун келгани. Уйи йўқ одамни излаб келадиган ҳам кўп бўлади. Демоқчиманки, ҳукуматимиз уйсиз, ишсиз, дайди қилиб қўйган бўлса ҳамки, бу халқимизнинг дилида бор. Халқимиз уни бугун эмас, умрбод эслайди.

Мухбир: 28 март куни Рауф Парфини хотирлаб илк марсиялар битилди.

Шоирнинг шогирларидан бири Яҳё Тоға: Бугун бир шоирдан жудо бўлиб ўтирибмиз. Илк марсия.



Рауф Парфи ўтди оламдан,


Олам ундан ўтди, водариғ.


Айрилдида улуғ аламдан


Севинчлари қолди сарғайиб.



Дили ором топмаган ул зот,


Муножотнинг ноласи эрди.


Саҳфаларга сачраган фарёд


Қалбининг қон боласи эрди.



Асли кўксин бермиш тупроққа,


Ўлимидан анча илгари.


Ер бечора тушган титроққа


Бағрига ўт тушган сингари.



Ўзбекистон халқ шоири эмиш,


Унвонлардан баланд эрди у.


Ўзи билар, ким нима емиш,


Туркистоннинг ғамин ерди у.





Ажал бир важ бўлар кўпларга,


Марсиялар чиққай пешма-меш.


Кўтарилар энди кўкларга,


Энди кеч, энди кеч, энди кеч.

Модератор: Бундан беш йилча аввал Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Рауф Парфига “Ўзбекистон халқ шоири” унвонини беришга қарор қилди. Аммо шоир: “Халқ озор чекаётган, унинг ҳурлиги, эрки учун курашаётганлар қамоқларда, сургунда юрган бир пайтда мен бу ҳукуматдан халқ шоири деган унвонни олишга уяламан”, деб бу унвондан воз кечган эди.

Рауф Парфи узоқ йиллар ўз китобларини балки шу сабаб чиқара олмаган халқ шоири эди. У китобларини Ўзбекистонда ҳатто номи ҳам қатағонга учраган маслакдошларига бағишлар эди.

Рауф Парфи сўнгги китобини бағишлаган дўсти ва маслакдоши Муҳаммад Солиҳ бугун ватандан қувғинда. Унинг қабрига бир чимдим тупроқ ташлаш, видолашиш имконидан маҳрум. Аммо у буюк шоирга видо сўзларини “Озодлик”дан айтади бугун.

Муҳаммад Солиҳ: Ассалому алайкум, ҳурматли ватандошлар. Бугун нафақат Ўзбекистон, балки Туркистон ўзининг буюк шоирини йўқотди. Бугун Абдурауф Парфи вафот этди. Бу кун - Ватанимизнинг энг қоронғу кунларидан бир кунда кетди.
Биз у билан ватандош эдик, зулматда занжирларини шарақлатиб, озодлик учун чирпинаётган бир ватанда ватандош эдик.

У бир дўст эди, ўз дўстлигимизнинг гувоҳи бўлдик, миллат йўлида куйиб битган ғаройиб дўстликнинг гувоҳи.

У бир орзудош эди. Орзу этмакдан чарчамаган бир орзудош. Тинмай озодликни орзу этдик, икки аср тинмай орзу этдик бу анқонинг уруғини. Демак буюрмабди.

Иншооллоҳ, бу ерда чекканларининг мукофотини у ерда олар Абдурауф Парфи.

Абдурауф Парфи, азиз оғамиз, устодимиз, Оллоҳ гуноҳларингни афу этсин.

Яхши инсон эдинг, одамларга доим яхшилик истаган бир инсон эдинг. Ниятларинг ҳар доим яхши эди. Раҳмон ва Роҳийм бўлган Раббимиз сени яхши ниятинг учун кечирган бўлсин, Абдурауф Парфи. Амин!

Модератор: Ўзбекнинг пешонасига битган ноёб истеъдодлардан бири Рауф Парфининг орамиздан кетгани соат сайин, кун ўтгани сайин ўз борлигини билдириб боради. Бу йўқотиш жуда кўп қалбларда изтироб уйғотди ва мотам туғдирган кечинмалар, видолашув сўзларига эшиттиришимизнинг иккинчи соатида яна қулоқ соламиз.

Модератор: 28 март куни Рауф Парфи вафот этди. Бу жумлани айтишдан аввал уни кенгроқ айтгим келди. Шоирнинг исми ёнига улуғ, буюк, беназир, ҳассос деган ва ҳоказо-ҳоказо чиройли, бир-биридан жимжимадор сифатларни қўшгим келди. Ки, тингловчи билиб қўйсин кимдан ажралиб қолганини, дегим келди. Ва ўйлаб қолдим. Шартми шу сифатлар? Умрида бирор марта шеър ўқиган, мадҳия демаяпман, чинакам шеър ўқиган ўзбек Рауф Парфини билади. Рауф Парфининг бутун бошли бир ҳодиса эканлигини билади. Рауф Парфининг жисмигина ўлганини, унинг руҳи эрк деган, ҳурлик деган, миллат деган ҳар бир ўзбек билан абадул абад қолажагини билади. Рауф Парфининг шеърлари - қонли юрагининг парчалари қолаверажагини билади. Ҳозир сўзни яна Тошкентдаги мухбирларимизга бераман.

Мухбир: Рауф Парфи жанозасидан сўнг унинг энг яқин ёр-биродарлари қолдилар. Шоир Йўлдош Эшбекнинг айтишича, бу одамда ҳеч қандай унвон йўқ эди. Унинг фақат битта унвони бор эди. Уни “инсон” дердилар, уни “дарвеш” дердилар.

Шоир Йўлдош Эшбек: Адабиётда тутган ўрни шундан иборатки, Рауф Парфигачаям бундан янгиланиш йўллари устозлар томонидан қилинган бўлса-да, лекин Рауф Парфи даражасида шеъриятни янгилаган, юксак нуқтага чиқарган кўрилмаган эди. Бу одам бизни илдизлари қадимдан келаётган Шарқ шеърияти билан Ғарб шеъриятини уйғунлаштирдики, бу уйғунлаш сезилмай кетди.

Мухбир: Ёзувчи Зоҳир Аъламнинг айтишича, Рауф Парфи баъзи сарой шоирларидан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон сарой томон талпинмади. Унинг суянгани халқи эди, унинг юпанчи эса ёлғиз шеъри эди.

Ёзувчи Зоҳир Аълам: У ўша жамиятнинг арзандаси бўлишга ҳамма имконияти бор эди. Лекин худо унга бир хусусият бермаган эди, у лаганбардорлик қилишни, мансаби бор одамларни кўкрагига бошини қўйиб йиғлашни жисман сиғдира олмас эди. Агар жамиятга шундай яхши шеърлар ёзиб, халққа севилиб, жамият демайлик, ҳукумат дейлик, унга бирор нарса берса, берсин. Лекин у бошқаларга ўхшаб уюштириб, ўртага одам қўйиб, менга ҳам берсин, деган гапни вужудига сиғдира олмайдиган покиза одам эди.

Мухбир:1999 йилда Рауф Парфига халқ шоири унвони берилди. Аммо у бундан заррача ҳам хурсанд бўлмаганини дўстлари кўп гапиради.

Бахтиёр Исабеков: Халқ шоирини булар кечикиб берди. Рауф Парфи 70-йиллардаёқ ўзига ўзи унвон берган эди. “Мен халқ шоириман. Ишонмасанглар қаранглар, мени халқ боқади. Менга бошқа жойдан келадиган даромад йўқ. Халқ боқади болам-чақам билан”, дерди.

Халқ шоири берилиши қандайдир адашиш бўлди. Ҳақиқатан ҳам, Рауфнинг ўзининг гапи бор: “Нима гуноҳ қилдим. Менга халқ шоири бериб қўйишди”, деганди. Қанақадир ўзича кимгадир хушомад қилибман, деб қўрқди у.

Мухбир:28 март куни соат 19 да, Рауф Парфи умрининг охирги дақиқаларида у билан бирга бўлган дўсти Дадахон Ҳасановдан шоирнинг сўнгги сўзи, васияти ҳақида сўрадик.

Дадахон Ҳасанов: Бизга васият қилмаган. Лекин: “Мабодо ўлсам, Чиғатой қабристонига қўйманглар. У ер коммунистларнинг мозори”, дегани эсимда бор. Мен кейинги пайтларда жуда кўп суҳбатда бўлганман. Сёмкалар қилганман. У бутун таржимаи ҳолини гапириб берган, мен тасвирга олиб олганман. У ҳеч қачон ҳаётдан нолимаган. Масалан, унвон, мукофотлар тегмагани учун, чиройли, бой-бадавлат яшамагани учун ҳам ҳеч қачон надомат чекмади. Ҳаётни севиб, ҳаётга муҳаббат билан яшаб ўтди.

Йўлдош Эшбек: “Хотирам арқоғига ёзилмоқдадир Шашмақом, Ватанимнинг тимсоли бўлиб. Мен шундай тушунаман ватанни”, дейди Рауф Парфи. Ҳозир ватан-ватан, деб қуруқ ҳайқираётганларга исён бу. Унинг шеърларида ҳеч қачон маддоҳлик, мадҳия гаплар бўлмаган. Мен ишонаманки, кўп ўтмасдан илм аҳлининг кўпчилиги Рауф Парфи шеъриятини тадқиқ қилиш билан машғул бўлади. Бундай бўлмасликнинг ҳеч иложи йўқ.

Шоир Тоҳир Қаҳҳор: Сўнгги сўз ўлароқ, шу гапни айтишимиз мумкинки, Рауф Парфи каби миллат шоирлари ўлмайди ҳеч қачон. Рауф Парфининг бу яшами, ҳаётининг бу шаклда тугаши ўзбек жамияти учун бир дарс бўлиши керак. Чунки ҳар бир яхши, миллат йўлида ишлаётган ҳар бир йўлдошимиз, хусусан, Рауф Парфи каби бир Туркистонни севган, туркликни севган (кишилар унутилмаслиги керак). Бу нафақат ўзбек шеъриятини юксалтириш, балки бутун Туркистон шеърияти, 300 миллионли турк дунёси шеъриятини юксалтиришга киради. Бугунги кунда 25 миллионли ўзбек эмас, 300 миллионли турк шеърияти ҳақиқий, соғлом ва бир умр унинг учун ишлаган инсондан айрилди. Устозимизнинг арвоҳи шод бўлсин.

Рауф Парфининг шогирди Тўра Мирзо: 70-йилларда Рауф Парфининг шеърлари чиқадиган журналлар ҳақида хабар эшитсак, киоскаларга эрталаб олтидан навбатга турардик. Рауф Парфи ёш ижодкорларга шу даражада ҳавас бўлган, орзу бўлган бир шоир эди. Мен Рауф ака билан қарийб 30 йил танишман. Жуда кўп мамлакатларда жуда кўп шоирларни кўрганман. Лекин, менинг шахсий фикрим, Навоийдан кейин Рауф Парфи энг буюк шоир. Жонлари чиққандан кейин ярим соат ўтиб эшитиб бир марсия ёздим.



Рауф Парфи китобини силаган қўллар,


Кўтарарми буюк шоир жанозасини.


Фарзандин чанг, тупроқ билан сийлаган йўллар,


Сиғдирарми мўмин элнинг мунг, азасини.



Рауф Парфи Навоийнинг буюк қаламин,


Олиб эди, ғолиб эди, толибди энди.


Осмонларга қадаб шоир шеър, туғ, аламин,


Сўзи чинди, ўзи тинди, гўзал сас синди.




Сўзларини ғижирлатиб улғайтган шоир,


Айтган шоир симиргани арғувон кадар.


Минг эди мунг, мунғайди юз, ўн


Бир эди бир Рауф Парфи, ҳар сочига боғланган хатар.



Рауф Парфи ҳар сўзининг томирин топиб,


Эмлаб қўйган, ватанинг бор, номи Туркистон.


Шоир буюк баёзини кетдими ёпиб,


Харитада йўқдир ҳамон Туркистон-Турон.

Боши йўқлар бошин асрай деб бўлар сарсон,
Қонлар ютди, шоир ўтди, шодлик ҳўпламай.
Рауф Парфи ҳар кун тикка борди дор томон,
Битта бошин мингта дорга тикмоқ учун шай.


Мухбир: Шоир ўлмайди. Шеърларининг, овозининг ҳаёти унинг иккинчи умридир.

Модератор: Эшиттиришимизнинг биринчи соатида дўстининг қабрига бир сиқим тупроқ ташлашдан маҳрум шоир Муҳаммад Солиҳ Рауф Парфи билан ғойибона видолашган эди. Шоир билан видолашиш навбатини Истанбулдаги ҳамкоримиз, Коч университети профессори Темир Хўжага берамиз,

Темир Хўжа: Рауф Парфининг ўлим хабарини олганимда жуда чуқур қайғурдим. У ўзбек шеъриятининг ҳозирги энг муҳим сиймоларидан бири эди. Рауф Парфи ёзган шеърлар инсон руҳининг энг гўзал, энг аламли, энг чуқур ҳис-туйғуларини ифода қилади. Рауф Парфини биринчи марта АҚШдаги Колумбия университети профессори Эрвард Оуварднинг 1968 йилда инглиз тилида ёзган “Ўрта Осиё шеъриятида лириканинг қайтиб келиши” сарлавҳали мақоласи орқали таниган эдим. 1990 йил октябрь ойида Ўзбекистонга борганимда у билан танишиш имконига ноил бўлдим. Рауф Парфи ўшанда “Туркистон халқ ҳаракати” номли йирик демократик ҳаракатни тузган ва ўша ҳаракатнинг бошлиғи бўлиб ишлаётган эди. Унинг демократия ҳақидаги фикрлари, Туркистон бирлиги тўғрисидаги ғоялари билан танишдим. Рауф фақат жисман орамиздан кетди. Лекин унинг руҳи ва шеърияти алал-абад биз билан бирга яшайди. Худди ўша 1965 йилда мана шу шеъри каби.




Жаҳонни кезмакда пиёда,



Одимларимиз бирдир бизнинг.



Шу бахтли, шу бадбахт дунёда



Одамларимиз бирдир бизнинг.




Бирга туғилдик-ку юрагим,





Насиб этганда ҳам мангулик.



Сен яшайвер, сен мени кутма,



Мен-ку исмингман, лекин
Юрагим исмингни унутма.

Умид қиламанки, ўзбек халқи Рауф Парфни, унинг шеъриятини унутмайди.

Модератор: “Аллоҳим, билурсан қай сори кетдим, Аллоҳим, мен ўлдим, мен сенга етдим”, деган эди Рауф Парфи. Шу ўринда мана бу сатр ҳам ёдимга тушди: “Бошқалар йиғласин, мен йиғлаб бўлдим”. Миртемир домла шундай ёзган эди. Рауф Парфи ҳам йиғлаб бўлди. Йиғлайдиган шоири қолдими, ўзбекнинг...?

Рауф Парфи шеърларидан намуналар.

Сен, шоир, чорлайсан осмон ҳурларин,


Ойнинг сочларини суйиб тарайсан.


Кўзларингга ютиб куннинг нурларин,


Болаликнинг кўзлари ила қарайсан.



Сен бугун Манфред – банда ва банди,


Сен учдинг мусиқор оғзини боғлаб.


Чеккил, чексизликнинг чегаси санда


Кул, ҳайқир, танингни ўтларда доғлаб.



Бошинг узра Румий дарвишу набий,


Қошида Навоий, сен Бобо Тоҳир.


Сен шоир, мангулик, охират каби


Шеърият ибтидо, шеърият охир.



Изтиробдан ўлмас шоирнинг қалби.


Шоирнинг онаси изтироб, ахир.




****

Ишқ-вафодан сўзлаганларим
Бир кун бўлур сенга пушаймон.
Ёдга тушар бўзлаганларим
Мен оламдан ўтганим замон.

Қалтирарсан ажиб севгидан
Ҳар бир сўзим кашф этар жаҳон.
Жудо бўлдинг буюк севгидан
Мен оламдан ўтганим замон.

Сен ёнимдан кета олмассан,
Кўзларингда бўлгум намоён.
Ишқимни рад эта олмассан,
Мен оламдан ўтганим замон.




****

Семурғ қушим, подшо қушим,
Хуш келдинг.
Етти гумбаз, етти водий сарвари,
Васлинг неъматидан баҳраманг қилдинг.
Интизор жонингман, йўлсиз, сарсари.

Нола айлаб Семурғ деди: Эй бедор,
Чорлар сени биру борим, бор, ишон.
Сен фано водийси, Ҳақ қошига бор,
Еру осмон чўкмакдадур бенишон.

Ваҳший дунё, қонхўр дунё қутурди,
Инсон фарёдига тўлди коинот.
Набийлар, доҳийлар, шоирлар турди,
Чора, чора дея сўрдилар нажот.

Аллоҳим, билурсан қай сори кетдим,
Аллоҳим, мен ўлдим, мен сенга етдим.
XS
SM
MD
LG