Линклар

Энг катта муаммо – Ўзбекистон банклари


Озодбек АҚШга қарашли “Евроосиё” жамғармасининг Ўзбекистонда фаолият бошлаганига 10 йил тўлиши муносабати билан Тошкентда юбилей тадбири ўтказилди.

Жамғарманинг тадбирда сўзга чиққан президенти Чарльз Уильямс Майнснинг билдиришича, “Евроосиё”нинг Тошкентдаги ҳудудий ваколатхонаси Туркманистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги нодавлат-нотижорат ташкилотларининг жамиятда демократик, иқтисодий ҳамда ижтимоий ислоҳотларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларини молиялаштириб келмоқда.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги – ЮСАИД ва бошқа бир қанча донор ташкилотлар ҳомийлигида ишлайдиган “Евроосиё” жамғармаси 1993 йилдан буён собиқ иттифоқ мамлакатларида фаолият юритмоқда. Жамғарма шу пайтгача мазкур давлатларда демократик ва иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 7400 та лойиҳани молиялаштиришга жами 150 миллион долларидан зиёдроқ маблағ сарфлаган.

Марказий Осиёда эса фуқаролик жамиятини шакллантириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, демократик ислоҳотларни жадаллаштиришга йўналтирилган лойиҳалар учун 23 миллион доллар миқдорида грантлар ажратган.

“Евроосиё” Ўзбекистондаги фаолиятини 1995 йилда “Маҳалла” жамғармаси, Қорақалпоғистон ногиронлар жамияти ҳамда Бухородаги “Салом” компанияси лойиҳаларини молиялаштиришдан бошлаган эди.

Ўшандан буён жамғарма мамлакатдаги 350 дан зиёд нодавлат-нотижорат ташкилотлари лойиҳаларини молиялаштириш учун 6 миллион доллардан зиёд маблағ ажратди.

“Евроосиё”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Жефф Эрлихнинг “Озодлик” мухбири билан суҳбат чоғида 10 йиллик фаолият давомида дуч келинган муаммоларни тилга олди.

“Ўзбекистон банклари бизга нодавлат ташкилотлар лойиҳаларини молиялаштириш учун маблағ ўтказишимизга имкон бермайди. Бу борада биз анча-мунча йирик муаммоларга дуч келяпмиз. Албатта, бунга ишониш қийин, лекин бу ҳақиқат. Биз Ўзбекистон қонунларига тўлиқ амал қилган ҳолда ишлаймиз. Буни биздан грант олаётган барча ташкилотлар тасдиқлашлари мумкин. Лекин мен Ўзбекистон банкларининг бундай хатти-ҳаракатларига тушуна олмайман. Бу ҳолат жамиятнинг ҳали тўла соғломлашиб улгурмагани ва демократик жараёнларнинг суст кетаётгани билан боғлиқ бўлса керак”, - деди Ж.Эрлих.
XS
SM
MD
LG