Линклар

logo-print

Қашшоқлик Марказий Осиё учун терроризмдан кўра хавфлироқ


Тўлқин 30 март куни Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТ) кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон, Россия, Хитой, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон хавфсизлик хизматлари вакиллари иштирок этди.

МАТ ижроия қўмитаси раҳбари Вячеслав Қосимовнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, кенгаш йиғилишида ШҲТ ҳудудидаги вазият таҳлил этилган. Терроризм, экстремизм ва айирмачиликнинг ташкилотга аъзо давлатлар барқарорлиги ва хавфсизлиги учун ҳамон жиддий хавф солиб тургани таъкидланган. Кенгаш ШҲТга аъзо давлатлар бундан кейин шу хавфга қарши кураш йўлидаги ҳамкорликни янада кучайтириш керак, деган қарорга келган.

В.Қосимовнинг таъкидлашича, йиғилишда тузилма фаолияти ва ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши кураш йўлидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий базасини шакллантиришга қаратилган бир қанча қарорлар қабул қилинган.

В.Қосимов кенгаш йиғилиши ўтказилишининг Қирғизистондаги воқеаларга алоқадор эмаслигини, бу тадбир режа бўйича ўтказилганини маълум қилди.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев хавфсизлик йўлидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини билдирди.

“Ҳар қандай ташаббус амалий иш билан мустақкамланиши ва бу сармоя учун муҳит яратиши керак. Аммо, афсуски, мен ҳозирча бундай ҳолатни кўрмаяпман. Мен ўйлайманки, Марказий Осиёдаги барқарорлик ШҲТга аъзо икки қудратли давлат - Хитой ва Россияга, уларнинг сиёсати ва позициясига боғлиқ. Марказий Осиё мамлакатларида бундай хавф бўлмаслиги учун минтақада ягона иқтисодий макон яратилиши керак”, - деди жамиятшунос.

Б.Мусаевнинг фикрича, Марказий Осиёга террорчиликдан ҳам кўра қашшоқлик ва мавжуд ижтимоий-иқтисодий вазият кўпроқ хавф туғдирмоқда. Шунинг учун, аввало, мана шу муаммоларни бартараф этиш лозим.

ШҲТ доирасида халқаро терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши ҳамкорликда кураш олиб бориш учун Минтақавий аксилтеррор тузилма ташкил этиш таклифи 2000 йилда ташкилотнинг Душанбе саммитида илк бор Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган эди. 2004 йил 1 январдан эса тузилма ижроия қўмитаси Тошкентда иш бошлаб, МАТ раҳбарлигига Ўзбекистон вакили Вячеслав Қосимов тайинланганди.
XS
SM
MD
LG