Линклар

Оқсоқоллар Ўзбекистонда Қирғизистондаги воқеалар такрорланишидан ташвишда

  • Садриддин Ашур

1 апрел куни Тошкентда жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Эгамназар Шойманованинг калтакланиши ва шу воқеа сабабли Дўстлик туманида 30-31 март кунлари бўлиб ўтган оммавий норозилик чиқишига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг сўзларига қараганда, Дўстликдаги ғалаён вақтида оломон Бунёдкор қишлоғидаги милиция таянч пункти ва икки машинани ёқиб юборган.

Эслатиб ўтамиз, Э.Шойманов Дўстлик тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев раҳнамолигидаги бир гуруҳ кимсалар томонидан ўласи қилиб калтакланган эди. Бу эса халқни жунбушга келтирганди.

31 март куни Э.Шойманов Тошкентдаги шифохонадан сирли равишда ғойиб бўлди.

Т.Ёқубовнинг таъкидлашича, шифохонага бир гуруҳ шубҳали кишилар келиб, Э.Шоймановни суриштирган. Буни сезиб қолган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси шифохонани тарк этишга мажбур бўлган. Айни пайтда у ишончли жойда.

Т.Ёқубовнинг айтишича, Дўстлик туманидаги воқеалар вилоят ва туман ҳокимини саросимага солиб қўйган. Чунки улар халқнинг бундай кўтарилишини кутмаган эди.

Т.Ёқубов Э.Шоймановни калтаклаганлар қонуний жавобгарликка тортилишига умид қилишини билдирди.

Матбуот анжумани ўрталарида тадбир ўтаётган “Озод деҳқонлар” партияси идорасига уч-тўрт маҳалла оқсоқоллари кириб келди. Улар тадбир ноқонуний ўтаётганини айтиб, эътироз билдира бошлади.

Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” маҳалласи оқсоқоли Талъат Шамсиевнинг фикрича, бундай тадбирлар маҳаллий ҳокимлик рухсати билан ўтказилиши керак.

“Сизларда эса бундай рухсат йўқ. Бу каби тадбирлар Украина, Грузия ва Қирғизистондаги сингари воқеалар юз беришига сабаб бўлади”, - деди оқсоқол.
XS
SM
MD
LG