Линклар

Ўзбекистонда кўчки ва сел хавфи сақланиб турибди


Феруза Ўзбекистонда кунлар тез исиб бораётгани ҳамда ёмғир мавсуми бошлангани сабабли кўчки ва сел хавфидан аҳолини муҳофаза қилиш мақсадида мамлакатдаги тегишли ташкилотлар кучайтирилган тартибда ишламоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳоли ва аҳоли яшаш ҳудудларини муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Шариповнинг сўзларига қараганда, ҳозир мамлакатнинг тоғ ва тоғолди 10 та вилоятида 1884 хўжалик, уларда яшовчи 6 мингга яқин фуқаро вақтинчалик хавфсиз жойга кўчирилган. Бу фуқароларнинг хавфли ҳудудларга қайтиб келиши олдини олиш учун жойларда назорат пунктлари ташкил этилган.

“Бундан ташқари, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, “Ўзгидромет” маркази ва Геология давлат қўмитаси билан биргаликда режа ишлаб чиқилиб, режани бажариш ошириш қатъий назоратга олинган”, - деди Б.Шарипов.

Ўзбекистон хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати раҳбари Шердонақул Бозоровнинг билдиришича, жорий йилнинг 1 апрелига қадар мамлакатда 392 та кўчки содир бўлган. Хавфли ҳудудлардан эса шу пайтгача 310 хўжалик кўчирилган. Кўчкилар аҳолига зиён етказгани йўқ. Кўчки хавфи май ойи охиригача сақланиб қолади.

Гидрометереология маркази вакиласи Ирина Зайцеванинг таъкидлашича, об-ҳаво ўзгаришлари беш кун аввал аниқланади. Ҳозир мавжуд маълумотлар 3-6 апрель кунлари мамлакатнинг барча ҳудудларидан ёғингарчилик бўлишидан, бунинг оқибатида тоғ ва тоғолди ҳудудларида кўчки ва сел хавфи мавжудлигидан дарак беради. Ўзбекистонда об-ҳаво ўзгаришларини олдиндан аниқлашда техник имкониятлар қониқарли даражададир.
XS
SM
MD
LG