Линклар

Убай соатсознинг етти йиллик “уруши”


Фирдавс Қаршилик тадбиркор Убайдулла Ғаффоров қарийб 7 йилдан буён ўз ҳуқуқларини тиклаш учун курашиб келади. Тадбиркор бу кураш жараёни ўзига анча қимматга тушаётганини айтади.

У.Ғаффоровнинг асли касби соатсоз. Шунинг учун бўлса керак, салкам етмиш ёшни қоралаётган бу кишини танишлари Убай соатсоз, деб атайди. Қолаверса, кўпчилик уни олти йилдан ортиқ вақт мобайнида ўз ҳуқуқлари учун тинмай курашаётган иродали инсон сифатида ҳурмат қилади.

Умрининг 47 йилини устачиликка бағишлаган соатсоз 1994 йилда “Вақт” хусусий корхонасини очган эди.

“Мустақилликка эришганимиздан кейин мен ҳам эл қатори ҳамма мулкимни тикиб, ер олиб, корхона учун бино қурдим. Орадан кўп ўтмай, вилоят раҳбарлари Қаршининг эски шаҳар қисмида сайилгоҳ барпо этиш ҳаракатига тушди. Менинг барча ташвишларим шундан кейин бошланди”, - деди Убай соатсоз.

Сайилгоҳ қурилиши баҳонасида 70 га яқин якка тадбиркорнинг дўкону устахоналари бузиб ташланди. Жумладан, У.Ғаффоров тиклаган бино ҳам вайрон қилинди.

У.Ғаффоров эса қарийб 7 йилдирки, мулкка бўлган ҳуқуқини тиклаш учун судма-суд юрибди.

“Шаҳримизни талашга тушишган. Биз қурган бинолардаги қурилиш материаллари ҳам эгаларига теккани йўқ. Биз у ердан битта мих ҳам ола олмадик”, - дейди соатсоз.

У.Ғаффоровнинг етти фарзанди бор. Ҳаммасини уйли-жойли қилган. Четдан қараганда у бойлик учун югураётгандек кўринади.

“Аммо мен мол-мулк учун эмас, - дейди У.Ғаффоров,- давлат чиқарган қонунларни бузганлар билан тортишяпман”.

Устанинг хотини Муҳаббат Норованинг сўзларига қараганда, узоқ йиллардан буён давом этаётган судма-суд югуришлар 2-гуруҳ ногирони бўлган эрини анча толиқтирган.

У.Ғаффоров билан бирга ҳуқуқлари бузилган тадбиркорларнинг аксарияти адолатни тиклаш ниятидан аллақачон қайтган.
XS
SM
MD
LG