Линклар

logo-print

Рим Папаси Иоан Павел Иккинчи оламдан ўтди.

  • Ҳасанжон

2 апрел куни кечқурун Рим католик черкови олий раҳбари Иоан Павел Иккинчи узоқ давом этган оғир хасталикдан кейин Ватикандаги ўз уйида оламдан кўз юмди. Ватикан расмийлари эълон қилган баёнотда билдирилишича, 84 ёшли Рим Папаси юраги ва буйраги ишламай қолгани сабабли оламдан ўтган. Ундан бир неча соат олдин Ватикан расмийлари Папанинг аҳволи ниҳоятда оғирлигини, шунга қарамай у атрофидагиларга ишора билан жавоб қилганини билдирган эди. 1978 йилда Рим папаси лавозимини эгаллаган Иоан Павел Иккинчи Рим католиклари черкови раҳбари лавозимида дунёнинг 120дан ортиқ давлатига саёҳат қилди. У 450 йилдан ортиқ давр мобайнида Рим католик черковига раҳбарлик қилган италян бўлмаган биринчи руҳоний эди.

Ватикандаги лавозими бўйича Пападан кейинги иккинчи олий руҳоний Кардинал Анжело Содано шанба куни кечқурун авлиё Питер майдонига йиғилган 70 минг зиёратчи олдига чиқиб, Иоан Павел Иккинчи вафот этганини эълон қилди.

Католиклар олий рухонийси Иоан Павел Иккинчи вафот этганига дунё раҳбарлари дарҳол ўз муносабатини билдирди.
Хусусан Италия ҳукумати мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилди.

АҚШ Президенти Жорж Буш дунё эркинлик курашчисидан жудо бўлганини айтди:

“Поп Иоан Павел Иккинчи миллионлаб америкаликлар, қолаверса дунёдаги кўплаб одамларни руҳлантирди. Биз тарихдаги маънавий раҳбарлардан бирига айланган ушбу камтар, доно ва жасур руҳонийни доим ёд этамиз. Рим Папаси даражасига кўтарилган ва асримиз қаҳрамонига айланган Польша фарзандини ато этгани учун биз худога шукурлар қиламиз” – деди АҚШ президенти.

Рим Папаси ватандоши, собиқ Польша президенти Лех Валеса агар Поп Иоан Павел Иккинчи бўлмаганда “коммунизм қуламаган бўлишини ёки қулаганда ҳам бу жараён кейинроқ қон тўкилиши билан амалга ошган бўлиши”ни айтди.

СССР собиқ президенти Михаил Горбачёв Иоан Павел Иккинчини “дунёдаги энг биринчи инсонпарвар одам”, дея атади.

БМТ Бош котиби Кофи Аннан “Рим Папаси дунё тўғрисида чуқур қайғурган инсон. У ҳам мен каби урушда ҳамма томон ютқазади, деган фикрда бўлган”, деди.

Британия Бош вазири Тони Блэр эса Иоан Павел Иккинчи ёшлигида Польшани фашистлар босиб олганида ҳам кейинроқ коммунистлар режимига қарши кураш даврида ҳам “ижтимоий адолат курашчиси бўлгани ва доим мазлумлар томонида турганини” айтди.

Франция президенти Жак Ширак “Рим папаси ўз жасурлиги ва қатъиятлилиги билан одамларни руҳлантирди ва улар қалбидан ўрин олди”, деди.

Германия Канцлери Герхард Шрёдер Рим католик черкови раҳбари лавозимида Иоан Павел Иккинчи Европани тинч йўл орқали бирлашишини кўп томонлама қўллаб-қувватлаганини айтди.

Исроил Ташқи ишлар вазири Силван Шалом Рим папасини “Исроил ва яхудийлар билан яқин муносабат ўрнатишга саъй ҳаракат қилган, динлараро ярашиш ва ўзаро биродарлик учун курашган буюк инсон”, дея атади.

Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Рим папасини “тинчлик, озодлик, адолат, шунингдек, барча ирқ ва динлар ўртасидаги тенглик, жумладан бизнинг халқ мустақиллик ҳуқуқи учун ҳам ўз ҳаётини бағишлаган буюк диний арбоб”, дея атади.

Араб Лигаси Бош котиби Амр Мусанинг матбуот вакили Рим папасини “миллатлар ва динлар ўртасида мулоқотни рағбатлантирган тинчлик элчиси” дея атади.

Рим католиклар черкови олий раҳбари Иоан Павел Иккинчи вафот этганига АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон, Британия қироличаси Элизабет Иккинчи, Эрон Президенти Муҳаммад Хотамий, Европа Иттифоқи комиссияси президенти Хосе Мануэл Барросо, Испания, Австралия ва Ирландия Бош вазирлари, шунингдек дунёнинг бошқа минглаб таниқли сиёсий ва диний арбоблари ўз муносабатини билдиришда давом этмоқда.

Маълумотларга кўра, Рим католик черковига 26 йил раҳбарлик қилган Иоан Павел Иккинчи душанбадан кейин Ватиканда дафн этилади.
XS
SM
MD
LG