Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:04

Геосиёсий нуқтаи назардан кутилган ташриф


Тўлқин 4 апрель куни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ҳиндистон Бош вазири Манмохан Сингхнинг таклифига биноан уч кунлик давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга жўнаб кетди.

Бу И.Каримовнинг Ҳиндистонга тўртинчи ташрифидир. Унинг Ҳиндистонга илк ташрифи мустақилликдан сал аввал, Москвада собиқ иттифоқ тарқаб кетишига сабаб бўлган давлат тўнтариши олдидан амалга оширилган эди.

И.Каримов сафар олдидан Тошкент аэропортида маҳаллий журналистларга берган интервьюсида бу ташриф давомида Ҳиндистон раҳбарлари, парламент ва нуфузли вазирликлар бошлиқлари билан музокаралар режалаштирилганини маълум қилди.

“Ташрифимиз давлат ташрифи мақомига эга. Бу, авваламбор, Ўзбекистон давлатига, ўзбек халқига Ҳиндистонда мавжуд қизиқиш, юксак эҳтиром ва ҳурмат далили, десак хато бўлмайди”, - деди Президент.

Ташриф дастурига кўра, музокараларда томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқалар, минтақавий хавфсизлик, халқаро терроризмга қарши кураш ва бошқа кўплаб масалалар муҳокама этилади, бир неча ҳужжатлар имзоланади.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми ўтган йили 150 миллион АҚШ долларидан ошиб кетган, яъни аввалги йилгига қараганда қарийб 40 фоиз ўсган. Бу ўсиш сўнгги йилларда Ўзбекистон экспорти таркибига хомашё ва ярим фабрикатлардан ташқари самолётлар, электр жиҳозлари, рангли металлар ва улардан тайёрланган буюмлар ҳам қўшилгани ҳисобига бўлган.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, Ҳиндистон аҳоли сони ва иқтисодий салоҳияти жиҳатдан Жанубий Осиёда Хитойдан кейин энг қудратли давлат бўлгани сабабли Ўзбекистоннинг у билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириши жуда муҳимдир. Аммо бу икки мамлакатни бевосита боғлайдиган транспорт йўлаги мавжуд эмаслиги алоқаларни ривожлантиришга монеълик қилади.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг билдиришича, геосиёсий нуқтаи назардан И.Каримовнинг Ҳиндистонга ташрифи кутилган эди. Зеро, яқинда Покистон Президенти Парвез Мушарраф Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлганди. Бу ташриф Ўзбекистон-Покистон ўртасида кўп йиллардан буён мавжуд совуқ муносабатларнинг якунланишига асос бўлди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга ташрифи минтақадаги ўз сиёсатида мувозанатни сақлашга ҳам қаратилган бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG