Линклар

logo-print

Халқни қўрқоқ деганлар янглишади


Тўлқин Ўтган ҳафтада Жиззах вилоятининг Дўстлик туманилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Эгамназар Шоймановнинг ҳокимият тарафдорлари томонидан калтакланиши ва уни ҳимоя қилиб чиққан халқ исёни анча-шов-шувга сабаб бўлди.

Э.Шойманов ерлари ноқонуний тортиб олинган фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб кўплаб пикетларда иштирок этган. Бу ҳуқуқбузарликларга йўл қўяётган Жиззах вилояти ҳокими Убайдулла Яманқулов ва Дўстлик тумани ҳокими, Ўзбекистоннинг энг ёш сенатори Маҳмуд Холбўтаевнинг истеъфосини сўраб, Тошкентда ўтказилган норозилик чиқишларида қатнашганди.

Бу чиқишларнинг ҳосиласи ўлароқ, 29 март куни Э.Шойманов ўзи истиқомат қиладиган Бунёдкордаги фермерлар уюшмаси раҳбарлари, бой фермерлар ва ёлланган шахслар томонидан калтакланди.

Э.Шоймановнинг сўзларига қараганда, уни дастлаб иқтисоди бақувват фермерлар, кейин эса номаълум шахслар калтаклаган. Орадан сал вақт ўтиб, уни машина-трактор паркига олиб келишган. Бу ерда эса хўжалик раҳбари Анвар Шербеков бошчилигидаги бошқа зўравонларнинг ҳужумига учраган.

Э.Шоймановнинг рафиқаси С.Ниёзова ҳикоя қилади:

“Мен борганимда калтаклашлар сал тинди. Эримни машинада олиб кетмоқчи эди. Лекин зўравонлар қўйишмади. “Эринг халқ хоини. Уни пиёда олиб кетасан, аҳволини одамлар кўрсин”, дейишди”.

Э.Шойманов уйига бир амаллаб етиб келиб ётганида, у яна кўчага олиб чиқилиб калтакланган. Оғзидан қон келиб, ҳушини йўқотган.

Шундан сўнг Э.Шоймановни машинада шифохонага олиб боришаётганида, у йўлда қочиб қолишга муваффақ бўлган ва Тошкентдаги сафдошлари олдига келган.

Э.Шоймановнинг бедарак йўқолгани унинг тарафдорлари бўлган қишлоқ аҳлини ғазабга келтирди.

30 март оқшомида қишлоқнинг уч юздан ортиқ фуқароси Э.Шойманов калтакланишидан норозилик билдириб, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва милиция ходимларига тегишли учта автомобилни ёқиб юборди, милиция таянч пунктини вайрон қилди.

Қишлоқ фуқароларнинг айтишича, ғалаён вақтида жамоа хўжалиги раҳбарлари ва милиция ходимлари тум-тарақай қочган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Э.Шойманов вилоят ҳокими У.Яманқулов ва Дўстлик тумани ҳокими М.Холбўтаев кўрсатмаси бўйича калтакланганига ишонишини билдирди.

Аҳолининг гувоҳлик беришича, исён вақтида талофат етказилган милиция таянч пункти 31 март тонгигача таъмирлаб бўлинган. Қишлоққа вилоят ва туман ҳокимлари келиб, халққа ош берган, йиғилиш ўтказган ва халқдан узр сўраган.

Э.Шоймановнинг билдиришича, ҳозир анча ўзига келиб қолган. Бироқ Тошкентдаги бирорта шифохона уни даволанишга қабул қилмаётир.

Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзини калтаклаган шахслар устидан судларга ва халқаро ҳуқуқий идораларга шикоят этишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG