Линклар

logo-print

“Саломатлик-2” лойиҳаси иш бошлади

  • Садриддин Ашур

2 апрелдан Жаҳон банкининг Ўзбекистон қишлоқларида тиббий хизмат даражасини кўтаришга қаратилган “Саломатлик-2” лойиҳаси иш бошлади. У аввал тадбиқ этилган “Саломатлик-1” лойиҳасининг давомидир.

1998-2004 йилларга мўлжалланган “Саломатлик-1” лойиҳаси ҳам, асосан, қишлоқларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилашга йўналтирилган эди.

Мутахассисларнинг айтишича, бешта вилоятда амалга оширилган бу лойиҳа натижаси ўлароқ, қишлоқларда дастлабки тиббий хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиб, аҳолининг туманлар марказларидаги шифохоналарга мурожаат қилиш ҳолатлари камайган.

Маълум бўлишича, қиймати 40 миллион АҚШ доллари бўлган “Саломатлик-2” лойиҳасидан кўзланган мақсад ҳомиладор аёлларга туғруққача хизмат кўрсатиш сифатини 10 фоиз оширишдир.

Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Фарҳод Фузайловнинг билдиришича, “Саломатлик-2” доирасида саккизта вилоятдаги қишлоқ врачлик пунктларининг моддий-техникавий базаси мустаҳкамланади, врачлар ва ҳамширалар малакаси оширилади.

Ф.Фузайлов қишлоқда тиббий инфратузилмани яхшилаш учун мазкур лойиҳа билан бир қаторда Осиё тараққиёт банкининг 40 миллион долларлик кредити асосида ҳам иш олиб борилаётганини таъкидлади.

“ОТБ кредити ҳисобидаги лойиҳа туман марказий шифохоналаридаги туғруқ ва болалар бўлимлари, шунингдек, вилоятлардаги туғруқ комплексларининг моддий-техникавий базасини мустаҳкамлаш ва тиббиёт ходимлари малакасини оширишга қаратилган”, - деди Ф.Фузайлов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда чақалоқлар ўлими 1994 йилда ҳар минг чақалоққа 28 тага тўғри келган. 2002 йилга келиб бу кўрсаткич 16 тагача камайган.

Вазирликнинг бу маълумотлари халқаро ташкилотлар томонидан берилаётган кўрсаткичлардан анча фарқ қилади.

БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Насим Тумқоянинг таъкидлашича, Ўзбекистонда олиб борилган мустақил тадқиқотлар чоғида чақалоқлар ўлими кўрсаткичи ҳар мингтага 37 тани ташкил этиши аниқланган.

Жамғарманинг репродуктив саломатлик бўйича маслаҳатчиси Феруза Фозилова Ўзбекистонда бу борадаги статистик ҳисоботлар эскича услубда тайёрланаётгани, агар статистика янги қоидалар бўйича юритилса, чақалоқлар ўлими кўрсаткичи янада юқори бўлиши мумкинлигини билдирди.

Расмий статистикада оналар ўлими 2000 йилда ҳар юз мингтага 34 тани ташкил этгани кўрсатилган бир пайтда, мустақил тадқиқотлар бу кўрсаткич 60 та эканидан далолат беради.

“Расмий статистикадаги кўрсаткичлар тўғри бўлган тақдирда ҳам чақалоқлар ўлими Ўзбекистон шароити учун кўп. Чунки бу ерда тиббиёт инфратузилмаси етарли даража ривожланган. Ҳар беш минг аёлга битта олий тоифали мутахассис, ҳар минг аёлга биттадан ҳамшира тўғри келади. Бунда шароитда оналар ўлмаслиги керак”, - деди Ф.Фозилова.


“Саломатлик-2” лойиҳаси доирасида қишлоқ врачлик пунктларидан 2200 таси, туман марказий шифохоналари лабораторияларининг 99 таси замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланиши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG