Линклар

Қирғизистон инқилобидан журналистлар ҳам “улуши”ни олди


Феруза Қирғизистондаги инқилоб кунларида айрим оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам жабрдийдалар қаторидан жой олгани тўғрисида бир неча маълумотлар бор.

25 март куни Қирғизистондаги “Итек эйр” авиакомпанияси венгриялик журналист Любек Томас бедарак кетгани ҳақида хабар тарқатди.

“Озодлик” мухбири ушбу журналистнинг кейинги тақдирига қизиқиб, авиакомпанияга мурожаат қилди.

“Итек эйр” вакилининг сўзларига қараганда, қидирилаётган журналист топилган бўлиб, у венгриялик Любек Томас эмас, балки финляндиялик эркак кишидир. У Бишкекда ўзининг дўстлари даврасида бўлиб, авиакомпания парвозлари вақти ўзгарганидан бехабар қолган.

Россия экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфиловнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, Қирғизистонда журналистлар билан боғлиқ баъзи кўнгилсиз воқеалар юз берган. Хусусан, 25 март куни Россиянинг “Московия - учинчи канал”и ва “РенТВ” каналининг тасвирга олиш гуруҳига номаълум кишилар ҳужум қилган. Уларнинг тасвирга тушириш ускуналари, бир мухбирнинг мобиль телефони тортиб олинган.

“Албатта, маҳаллий журналистлар ва баъзи хорижий ОАВ вакиллари Қирғизистондаги тўс-тўполонлар чоғида жабр кўрган. Лекин бирор журналистга жиддий зарар етмаган”, - деди О.Панфилов.

Болгария Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, 24 март куни Қирғизистонда намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот органларининг ўзаро тўқнашуви Болгариянинг “Монитор” газетаси мухбири Десислава Ризова ҳам жароҳатланган.
XS
SM
MD
LG