Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:15

Халқаро Амнистия ҳисоботи


5 апрел куни Амнести Интернешнл ёки Халқаро Амнистия ташкилоти дунё мамлакатларида ўлим жазоси қўлланишига оид йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда айтилишича, 2004 йилда дунё мамлакатларида 3800га яқин киши қат этилган ва 7400га яқин одам олий жазога ҳукм этилган. Амнести Интернешнл ташкилоти мазкур ҳисоботни эълон қилиш орқали БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясини ўлим жазосини қўллашни қоралашга ва унинг қўлланиши туб инсон ҳуқуларининг бузилиши эканини эътироф этишга чақирди.

Халқаро Амнистия ташкилоти эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йили дунёда ўлимга ҳукм этилган қарийб 4 минг киши қатл этилган. Биргина Хитойнинг ўзида 3400га яқин одам олий жазога ҳукм этилиб, қатл қилингани маълум бўлган.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича матбуот котиби Лидия Роялнинг Озодлик радиосига айтишича, ҳисоботдаги маълумотлар расмий манбаларга асосланган, асл рақамлар эса анча юқорироқ.

“Шуни қайд этиш жоизки, биз ҳисоботда эълон қилган рақамлар, афсуски, ҳақиқий вазиятни акс эттирмайди. Чунки кўп мамлакатлар яширин ҳолда одамларни қатл этишда давом этмоқда. Улар БМТ меъёрларига зид равишда қатл этилганлар ҳақидаги маълумотларни эълон қилишдан бош тортмоқда. Бу мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.”

Ўзбекистондаги “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” нодавлат ташкилотининг раҳбари Тамара Чикунова, Ўзбекистонда ҳар йили неча киши устидан ўлим жазоси ижро этилиши ҳақида аниқ маълумот олишнинг иложи йўқлигини айтади.

“Ўзбекистонда ўлим жазоси ҳақидаги маълумот давлат сири ҳисобланиши ҳақида қонун қабул қилинган. Шунинг учун қатл этиш куни, жойи ва қатл этилган одамнинг дафн этиш жойи ва неча киши ўлдирилгани ҳақидаги маълумот сир сақланади”, - дейди Озодлик радиосига Тамара Чикунова.

Амнести Интернешнл вакилининг айтишича, ўтган йили Ўзбекистонда камида 4 киши қатл этилгани аниқланган, бироқ:

“Айтиб ўтганимдек, аниқ маълумотларни олиш жуда қийин. Лекин Президент Каримовнинг 2002 йил сентябрида Ўзбекистонда ҳар йили 100дан ортиқ одам қатл этилиши ҳақида баёнот бергани вазиятни аниқроқ кўрсатиб берса керак. Бундан ташқари мамлакатда фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари фаолларининг таъкидлашича, ҳар йили 200га яқин Ўзбекистон фуқаролари олий жазо орқали ўлдирилади.”

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раиси Тамара Чикунованинг тахминларига кўра ҳам, Ўзбекистонда йилига 200га яқин одам қатл этилади.

Амнести Интернешнл ташкилоти ҳисоботига кўра, ўтган йили Бутан, Греция, Самоа, Сенегал, Туркия ўлим жазосини бекор қилган Марказий Осиё мамлакатлари орасида эса Қирғизистон ва Тожикистон ўлим жазосини қўллашга мораторий эълон қилган, яъни уни қўллашни тўхтатган.

Лидия Роялга кўра, Халқаро Амнистия ташкилоти Ўзбекистон ва Беларус ҳукуматларини ўлим жазосини бекор қилишга чақириб келмоқда.

“Ҳозирда ташкилотимиз Ўзбекистон ва Беларус ҳукуматларини ўлим жазосини бекор қилишга чақириб, мурожаатнома эълон қилган. Бу икки давлат Европа ва Марказий Осиёдаги ўлим жазосини қўллашни тўхтатмаган ягона давлатлардир. Бундан ташқари, бу икки мамлакат суд тизимларида мунтазам равишда қийноқлар остида олинган кўрсатмалар ёрдамида ўлимга ҳукм этилаётганлар бор, дейишга асосларимиз бор.”

Хўш, нега Ўзбекистон бу борада амалий чоралар кўрмаяпти? Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўтган йили февралда бу саволга қуйидагича жавоб берган эди.

“Мен сизга яшириб ўтирмасдан айтаман. Савол жуда ўринли. Ўлим жазосини қўллашдан воз кечиш керак. Бу - менинг шахсий фикрим. Лекин ўлим жазосини бугуноқ бекор қилиш ёки уни қўллашни тўхтатиш нафақат менинг истагимга, балки биринчи навбатда жамоатчилик фикрига ҳам боғлиқдир. Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги ўлим жазосини қўллаш тарафдори. Биз ўтказган сўровлар айнан шу натижани кўрсатган.”

Лекин ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Тамара Чикунованинг таъкидлашича эса, президент Каримов айтган Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги ўлим жазоси билан боғлиқ вазиятдан хабардор эмас. Шунинг учун аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бориш керак, бундан олдин эса ўлим жазосини қўллашни тўхтатиб туриш лозим.

“Ўзбекистон Президенти ҳеч қандай мораторийсиз ҳам олий жазони бекор қиламиз, деб айтди. Бу нотўғри, мораторий ўлим жазосини бекор қилиш сари қўйилган биринчи қадам бўлиши керак. Ундан сўнг жамоатчилик орасида тушунтириш ишларини олиб бориш лозим. Чунки ҳақиқатан ҳам аҳолининг кўпчилиги ўлим жазоси муаммоси қанчалик мудхиш экани, 18, 25 нари борса 30га кирган ёшлар қатл этилаётганидан бехабар. Ўзбекистон доим 2-3 йилдан кейин ўлим жазосини бекор қилишни ваъда қилади. Айтингчи, бу вақт ичида қанча бегуноҳ одамлар отиб ўлдирилади?”
XS
SM
MD
LG