Линклар

Туркманбоши ваъдага вафо қилди, лекин…


Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятида - Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудда, асосан, ўзбек фуқароларига хизмат кўрсатадиган автомобилларга ёнилғи қуйиш шахобчаси (АЁҚШ) тантанали равишда очилди.

Ўзбекистон Президенти билан ўтган йили Бухорода ўтказилган учрашув чоғида Туркманбоши Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда бу каби АЁҚШларни ишга туширишга ваъда берганди. У ўз ваъдасини бажарди.

Тошҳовузда ишга туширилган АЁҚШ Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги Махтумқули номидаги ширкат хўжалиги чегарасида жойлашган.

АЁҚШ очилиши тантаналарига гувоҳ бўлган тошҳовузлик Карим Саидметов бу маросимга хоразмликлар бефарқ қараганидан таажжуб билдирди.

“Шахобча очилишидан асосий манфаатдор хоразмликлар-ку! Бу ёққа келиб, жимжитликдан ҳайрон қолдим. На матбуотда, на одамлар орасида бу ҳақда гапириляпти”, - деди К.Саидметов.

Туркманистон томони Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда бу каби АЁҚШлар очишининг маълум сабаблари бор.

Туркманистонда бензин Ўзбекистондагига қараганда арзонлиги сабабли контрабанда анча авжига чиққан. Қолаверса, ҳайдовчиларнинг фикрича, туркман бензини арзон бўлиши билан бирга сифатлироқдир.

Хоразмлик ва қорақалпоғистонлик ҳайдовчилар ҳам туркман бензинини афзал кўради.

“Ўзимизнинг АЁҚШлар сифатсиз бензин қуйгани етмагандек, литридан ҳам уриб қолади. Шунинг учун бензинни қўлдан оламиз”, - дейди ҳайдовчилар.

Маълум бўлишича, Хоразмнинг чегара ҳудудларида яшовчиларнинг кўпчилиги бензин контрабандаси билан шуғулланади. Ишсизлик, ижтимоий ночорлик туфайли кишилар жонларини гаровга қўйиб бўлса-да, шу йўл билан пул топишга интилади. Хоразмда бензин олиб ўтаётганига туркман аскарлари ўқидан жабр кўрганлар ҳам топилади. Масалан, манғитлик Эгамберган Олдижонов туркман чегарачилари томонидан отиб ўлдирилганди.

Мутасаддилар бензин контрабандаси мавжудлигини ошкора тан олишни истамайди. Аммо Хоразмда контрабанда бензин олди-сотдиси авжида.

Урганч шаҳридаги Маърифатчилар кўчаси “Қувайт” деб аталишини Хоразмда 7 ёшдан 70 ёшгача ҳамма билади. Неча йилдирки, бу кўчадаги ҳар бир хонадонда бензин сотилади.

Маълум бўлишича, Тошҳовуздаги АЁҚШнинг расмий очилиш маросими ўтказилганига қарамай, у ҳали ишга тушгани йўқ. Бунинг устига, шахобча кунига неча автомобилга хизмат кўрсатиши, унда сотиладиган бензиннинг нархи номаълум. Шовот туманидаги 1-божхона пости яқинидаги бу шахобчадан бензин олиш учун хоразмлик харидорларнинг чегарадан ўтиш тартиби қандай бўлиши ҳам аниқ эмас.
XS
SM
MD
LG