Линклар

Журналистлар кимнинг “сақичи”ни чайнайди?


Шайбон

Ўзбек матбуотида жуда кўп мавзулар четлаб ўтилиши, айрим ўта муҳим воқеаларга эса эътибор қаратилмаслигини кўпчилик гапиради.

Хўш, ўзбек матбуотида қандай мавзу энг долзарб ҳисобланади?

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг фикрича, ўзбек оммавий ахборот воситалари учун долзарб мавзулар мамлакат раҳбарининг парламентдаги ёки ҳукумат йиғилишидаги маърузалари асосида пайдо бўлади.

“Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари маърузанинг эртаси куниёқ унда тилга олинган муаммоларни кампаниябозлик байроғи остида сақич каби чайнашга тушади. Яъни матбуот учун долзарб мавзуни Президентнинг ўзи белгилаб беради. Афсуски, биз учун ўйлайдиган бош бор, онг бор. Биз ҳалигача бу бошдан чиқадиган фикрлар асосида фаолият юргизяпмиз”, - деди А.Аннаев.

Мустақил журналист Абдухолиқ Абдураҳмоновнинг сўзларига қараганда, бугун ўзбек матбуотидаги энг долзарб мавзу ҳокимиятдаги коррупциядир. Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари қуйи бўғинлардаги коррупция ҳодисалари, суд-прокуратура органлари томонидан йўл қўйилаётган камчиликларга эътибор қаратяпти.

Маҳаллий нашрлардан бирида ишловчи журналистнинг таъкидлашича, оммавий ахборот воситаларида ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлашга қаратилган материаллар кўп эълон қилинади. Халқ дардини, муаммосини кўтариб чиқаётган журналистлар эса жуда камчилик.
XS
SM
MD
LG