Линклар

“Бирлик”ка вилоят телевидениеси эшиттириши ёқмади


Наманган вилояти телевидениесида 31 март куни эфирга узатилган “Бирлик халқ ҳаракати” партияси фаолияти билан боғлиқ эшиттиришнинг партия фаоллари томонидан муҳокама этилишига тўсқинлик бўлди.

Ушбу эшиттиришда “Бирлик”нинг Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтиш учун имзо тўплаш жараёнида гўёки қонунбузарликларга йўл қўйгани, имзо чеккан фуқаролар бу ишни ўзлари билмаган ҳолда, алданиш оқибатида қилгани таъкидланганди.

Партиянинг Наманган вилояти фаоллари 3 апрель куни ушбу эшиттиришни муҳокама қилиш учун йиғилиш белгилаганди.

Аммо, “Бирлик”нинг Наманган вилояти бўлими раҳбари Муҳаммадали Қорабоевнинг сўзларига кўра, 1-3 апрель кунлари партия фаоллари тегишли идораларга чақиртирилган. Улардан йиғилишда қатнашмаслик, пикет ва намойишларда иштирок этмаслик тўғрисида тушунтириш хати ёзиб бериш талаб қилинган.

“Мени ҳам вилоятнинг энг юқори ҳуқуқ-тартибот идорасига чақиртиришиб, ўзларича навбатдаги огоҳлантириш берган бўлишди”, - деди М.Қорабоев.

Партиянинг вилоят туманларидан йиғилишда иштирок этиши кутилган бошқа фаоллари ҳам ўзлари турли идораларга чақиртирилганини маълум қилди.

Шунга қарамай, 3 апрель куни партия фаолларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Улар Наманган вилояти телевидениеси раҳбари номига ёзилган мактубни муҳокама қилди.

Мактубда юқорида тилга олинган эшиттиришда гапирган фуқаролар қўрқитилгани айтилган ва унда келтирилган даъволар асоссизлигини исботлаш учун “Бирлик” аъзоларининг телевидение орқали чиқишига рухсат берилиши талаб қилинган.

М.Қорабоевнинг таъкидлашича, агар бу талаблар бажарилмаса, партия аъзолари телевидение биносини пикет қилиши режалаштирилмоқда.

Вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот органи ходимларидан бирининг айтишича, йиғилишда қатнашмоқчи бўлган партия фаолларига қаттиқ тазйиқ ўтказилмаган. Улардан қонун доирасида иш юритиш талаб этилган, холос.
XS
SM
MD
LG