Линклар

logo-print

Мурожаатдаги маълумотлар қанчалик тўғри?


Феруза Электрон оммавий ахборот воситаларида Андижон вилояти адлия бошқармаси жамоаси номидан А.Маҳмудов имзоси билан Ўзбекистон адлия вазири номига йўлланган мурожаат эълон қилинди.

Ушбу мурожаатда бошқарма бошлиғи Рустам Имомовнинг истеъфоси талаб этилади.

Унда ёзилишича, айни пайтда бошқармада носоғлом муҳит юзага келган. Бошқарма ходимлари Р.Имомовнинг қўпол муомаласи ва ўзларининг ҳуқуқларини паймол этаётганидан чуқур тушкунликка тушган.

Муаллиф мурожаатда Р.Имомовнинг ўз фаолияти давомидаги гўёки хуфёна ишлари, порахўрлиги, ахлоқий бузуқлиги, давлат мулкини талон-тарож қилаётгани ва ҳоказолар ҳақида маълумотлар келтирилган.

“Озодлик” мухбири мазкур мурожаатни ўрганиш мақсадида Андижон вилояти адлия бошқармасига мурожаат қилди. Маълум бўлишича, бошқармада А.Маҳмудов исмли ходим ишламас экан.

Бошқарма бошлиғи Р.Имомов эса ўзининг устидан аноним хатлар кўп ёзилаётгани, лекин уларнинг бари бўҳтондан иборат эканини таъкидлади.

Унинг айтишича, бунга ўхшаш туҳмат ва бўҳтонга тўла мурожаатлар илгари ҳам ёзилган ва Адлия вазирлиги мутасаддилари бошқармадаги аҳволни ўрганган.

Адлия вазири номига йўлланган мурожаатда Р.Имомовнинг Андижон шаҳри фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) бўлими мудираси Гулзода Муталовани 2004 йилда ўз аризасига биноан ишдан бўшашга мажбур қилгани, унинг ўрнига ўзининг ўйнаши Муборак Саидовани тайинлагани ёзилади.

Унда айтилишича, Адлия вазирлигининг собиқ раҳбари бу ҳақда эшитиб, Р.Имомовни қаттиқ койигандан сўнг у Г.Муталовани яна ўз вазифасига тиклаган.

Г.Муталова эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мурожаатда ўзи ҳақида келтирилган маълумотларни эшитиб, таажжубга тушганини билдирди.

“Бу маълумотлар орқали муаллиф мурожаатнинг ёзилишида гўёки менинг қўлим борлигига шубҳа уйғотишга уринган. Мени гўёки қувғинга солган одам билан биз бирга ишлаганмиз. У менга нисбатан ҳеч қачон ноҳақлик қилмайди. Менинг вазият тақозоси билан вақтинчалик бошқа жойда ишлаганимни муаллиф ўзича талқин қилган”, - деди Г.Муталова.

Адлия вазирлиги кадрлар бошқармаси раҳбари вазифасини бажарувчи Луиза Муртадинанинг маълум қилишича, А.Маҳмудов йўллаган мурожаатда Р.Имомов фаолиятига доир янги эътирозлар бор. Буни ўрганиш учун эса бироз вақт зарур. Қолаверса, Р.Имомов ҳақида вазирликда бир қанча ҳужжатлар бор.
XS
SM
MD
LG