Линклар

Терговчиларми ёки талончилар?


Озодбек Эри акромийлар диний оқимига алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган тошкентлик Азиза Зокирова унинг озод этилиши учун Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари 100 минг доллар миқдорида пора олганини даъво қилмоқда.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг сўзларига қараганда, 4 апрель куни А.Зокирова ташкилотга ариза билан мурожаат қилган. Аёлнинг аризасида ёзилишича, унинг хонадонида тинтув вақтида ҳуқуқ-тартибот ходимлари 5 минг АҚШ доллари, “Нексия” автомашинаси ва бошқа буюмларни олиб кетган.

С.Икромовнинг таъкидлашича, акромийлар диний оқимига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган Абдубосит Зокировнинг ҳеч қандай диний оқимга иштироки йўқлиги маълум бўлган. У “Ўрикзор” бозорида тадбиркорлик билан шуғулланган. А.Зокировнинг ўртоқлари унинг озод этилиши учун МХХ ходимига 100 минг доллар миқдорида пора берган.

А.Зокировнинг бутунлай озод этилиши эвазига 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги пора ким томонидан олингани ва кимга берилгани ҳозирча ўз исботини топгани йўқ.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган А.Зокирова деярли 8 ойдан бери ҳибсхонада сақланаётган эрининг қамалиш сабабларини ҳеч ким изоҳлаб бермаётганидан ҳайронлиги маълум қилди.

Унинг айтишича, эри соғлиғидан ҳар доим шикоят қилиб келган ва ҳибсга олингунга қадар мунтазам равишда даволаниб юрган. Айни кунларда эса у навбатдаги муолажалар учун шифохонага ётиши керак. МХХ ертўласига қамалгач, хотинидан бир неча марта дори-дармон олиб келишини сўраган.

МХХ вакиллари келтирилаётган даъволар юзасидан маълумот беришни лозим топмади.
XS
SM
MD
LG