Линклар

logo-print

Қарор чиқди, маҳсулот йўқолди


Феруза Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб Ўзбекистонда четдан олиб келинадиган кўплаб маҳсулотларга белгиланган акциз ставкалари ва божхона тўловлари миқдори сезиларли даражада оширилди.

Бу ўзгариш Ўзбекистон Президентининг март ойида қабул қилинган “Экспорт-импорт операцияларини амалга оширишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бўлмоқда.

1 апрелдан Ўзбекистонга олиб келинаётган музқаймоқ маҳсулотлари ва ҳўл меваларга (олма, нок, беҳи) белгиланган акциз ставкалари 100 фоиз, пиво маҳсулотларига 40 фоиз, сут-қатиқ маҳсулотларига 30 фоиз, қурилиш ашёларига 20-30 фоиз ўсди.

“Озодлик” мухбирининг мазкур қарорнинг мақсад-моҳияти, тўловларнинг оширилиши сабаблари юзасидан Давлат божхона қўмитасидан маълумот олиш учун ҳаракатлари бесамар кетди.

Тошкентнинг “Карвон” улгуржи савдо бозорида шу кеча-кундузда даставвал акциз ставкаси ва божхона тўлови оширилган маҳсулотлар савдо дўконлари пештахталаридан деярли ғойиб бўлгани эътиборни тортади.

Бозорда савдо қиладиган тадбиркорлар тўлов миқдорларининг оширилиши, аввало, халқнинг елкасига оғир юк бўлиб тушишини билдирди.

Иқтисодчи Иброҳим Ҳакимовнинг фикрича, ҳар бир мамлакат ички бозорни ривожлантириш, ўз ишлаб чиқарувчилари манфаатини ҳимоя қилиш учун четдан келтириладиган маҳсулотларга тўлов белгилайди ва зарур ҳолларда унинг миқдорни оширади.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаевнинг айтишича, бу қарор ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига сабаб бўлади.

“Бу қарор истеъмолчиларни, сифати қандай бўлишидан қатъий назар, маҳаллий маҳсулотларни сотиб олишга мажбур қилади. Биринчидан, бу маҳсулотларни олиб кирадиган тадбиркорларга катта зарба бериляпти. Иккинчидан, истеъмолчининг танлаш ҳуқуқи бузиляпти”, - деди А.Аннаев.

Ўзбекистонга четдан олиб кириладиган турли маҳсулотларга белгиланган акциз ставкалари ва божхона тўловлари 2004 йилда ҳам икки марта оширилган эди.
XS
SM
MD
LG