Линклар

Қирғизистон. 6 март, воқеалар хроникаси

  • Сарвар Усмон

Қирғизистонда ҳокимият алмашганига 12 кун бўлди. Кун ўтган сайин Қирғизистонда кечаётган жараёнлар суратидаги шиддат бироз сусайгандай. Бироқ сийратдаги шиддатда асло сусайиш кузатилмайди.

Икки кундирки, мамлакат парламенти президентнинг истеъфо сўраб ёзган аризасини кўриб чиқолмаяпти.

Айни пайтда Олий суд Феликс Қулов ишини қайта кўра бошлади ва ўзининг биринчи хулосасини чиқарди.

Қирғизистонда кечаётган жараёнлар шиддатини ҳис қилиш учун 6 апрель куни Озодлик мухбирларидан олинган ва республикадаги ахборот агентликлари тарқатган баъзи хабарлар сарлавҳалари билан танишиш кифоя қилса керак.

Мана ўша сарлавҳалар:

Норин вилояти давлат маъмурияти биноси депутат Самаков тарафдорлари томонидан босиб олинди.

Боткенликлар вилоятнинг янги губернатори Бакир Имаровнинг ҳаракатларидан норози.

Толас вилояти давлат маъмурияти биносини пикет қилаётганлар Толас-Бишкек йўлини тўсиб қўямиз, деб таҳдид қилаяпти.

Жалолобод шаҳар ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш изоляторидан ғайри қонуний бўшатилган шахсларни ушлаш учун тезкор гуруҳ тузилди.

Жўғўрқу Кенеш депутатлари парламент биноси хавфсизлигини таъминлаш чораларини кучайтирмоқда.

Бу сарлавҳалари мамлакатдаги вазиятнинг нақадар чигал қолаётганлигидан дарак бериб турибди.

6 апрелнинг энг катта воқеаси эса, мухолифатдаги "Ор-номус" партияси етакчиси, мамлакатнинг собиқ вице-президенти, 2000 йилги парламент сайловларидан сўнг хизмат ваколатларини суиисътемол қилганликда ва шунга ўхшаш бошқа хиноятлар содир этганликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган Феликс Қуловнинг ишини Олий суд қайта кўриб чиққани ва чиқарган хулосаси бўлди.

Олий суд ўзининг 6 апрель кунги қарори билан мамлакат суди бундан 5 йил муқаддам чиқарган Феликс Қулов республика Миллий хавфсизлик вазири лавозимини эгаллаб турган чоғида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган, деган қарорни бекор қилди.

Суд қарорига муносабат билдирар экан, Қулов жумладан бундай деди:

- Суд ишимни охир-оқибат объектив қараб чиққанидан хурсандман, албатта.

Феликс Қулов 24 мартгача қамоқхонада эди. Ўша кунги воқеалар пайтида тарафдорлари уни қамоқдан озод қилиб Бишкекка олиб келган ва бир неча соатдан сўнг Қуловга куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш топширилган эди.

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, куни кеча Қулов Олий суд томонидан оқланган тақдирда ўз номзодини президентликка қўяжагини эълон қилди. Олий суднинг Феликс Қулов юзасидан иши давом эттирилади. Қуловнинг зиммасида яна 2 айблов бор.

6 апрель куни кутилган ва 7 апрелга қолдирилган навбатдаги воқеа собиқ президент Ақаевнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасининг парламент томонидан кўриб чиқилишидир.

Аслида мазкур масала 5 апрель куни кўриб чиқилиши режалаштирилган эди. Бироқ ўша куни парламентда кворум бўлмади ва масала
6 апрелга қолдирилди. 6 апрель куни қарор қабул қилиш учун етарлича депутат залда ҳозир бўлди бироқ масалани кўриш яна бир кунга кечиктирилди.

Жўғўрқу кенешнинг 7 апрель кунги мажлисига Олий ва Конституциявий судлар ҳамда Ҳукумат аъзолари, сиёсий партиялар вакиллари ва элчилар таклиф қилинадиган бўлди.

Баъзи депутатлар 2 кундан буён парламент раиси Ўмурбек Текебаев етакчилигидаги комиссия Ақаев билан 4 апрель куни Москвада ўтказилган музокараларда ваколатлари доирасидан чиқиб кетган деган даъволар билан чиқмоқда. Уларга жавобан жаноб Текебаев парламентнинг 6 март кунги мажлисида бундай деди:

- Москва сафари олдидан Олий ва Конституциявий судлар раислари, Ҳукумат раиси ҳамда президент маъмурияти раҳбари билан масалани қонун доирасида ҳал қилишни маслаҳатлашиб олганмиз.

Ақаев билан музокара чоғида у қўйган талабларни бажаришга сўз берилгани, парламент раисининг фикрича, мамлакатдаги вазиятни конституциявий асосларга қайтариш мақсади билан изоҳланади.
XS
SM
MD
LG