Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:35

Рок ўлим жазосига қарши


Россиянинг таниқли рок ижрочилари Халқаро Амнистия ташкилотининг ўлим жазосига қарши кампанияси доирасида Ўзбекистон ва Беларус президентларига мактуб йўллашди. Ислом Каримов ва Александр Лукашенко номига йўлланган мактубда ўлим жазосини бекор қилиш ва қамоқхоналарда махбусларга қийноқ қўллашни тўхтатиш талаб этилади.

Мактубга имзо чеккан ижрочилар орасида "Сплин" рок-гуруҳи солисти Александр Васильев ҳам бор.

"Айтишим керак, айнан мана шу давлатларда авторитаризм унсурлари мавжуд ва у ерда кимни ўлдириш кимни авф этиш кераклигини давлат рахбарларининг ўзлари ҳал қилади. Бу мутлақо мен учун ёт иллат ва мен бунга тоқат қилолмайман", - дейди Васильев Озодлик радиосига.

"Сплин" рок-гуруҳи солисти Александр Васильев қатори мактубга "Аквариум" гуруҳи раҳбари ва солисти Борис Гребеньшиков, "Ленинград" гуруҳи гитаристи Сергей Шнуров, "Текилла-жэзз" гуруҳи бадиий раҳбари Евгений Федеровлар имзо чекишди. Сал кейинроқ эса улар сафига "Чиж и Ко" рок гуруҳи солисти Сергей Чигарков ҳам қўшилди. Улар ёзган мактубда ўлим жазоси инсон қадр-қимматини топтовчи жазо тури экани, бундай жазо инсон ҳуқуқларининг муҳим қисми саналган одамларнинг яшаш ҳуқуқини бузиши, ҳаётнинг қайтариб бўлмаслиги эса ҳатони тузатишга имкон қолдирмаслиги айтилади.

Ушбу тадбир Халқаро Амнистия ташкилотининг ўлим жазосига қарши кампанияси доирасида амалга ошириляпти. Ташкилотнинг Россиядаги вакили Денис Кривошеевга кўра, бу тадбирга рок ижрочиларнинг ҳам жалб этилиши бежиз эмас.

"Ушбу кампанияда машхур шахсларнинг қатнашаётгани эътиборга молик ва тадбирнинг жонли, мазмунли ўтишига имкон беради", - дейди Кривошеев.

Ўзбекистон Марказий Осиёда ўлим жазосини қўллашда давом этаётган ягона давлат. Ўзбекистонда бу борада расмий маълумотлар, Совет даврида бўлгани каби, ошкор этилмайди. Ўтган йил охирларида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов элликдан олтмишга қадар шахсга ўлим жазоси чиқарилганини айтганди. Аммо, бу ҳукмлардан қанчаси ижро этилгани маълум эмас, тўғрироғи, бу сир сақланади. Халқаро Амнистия ташкилоти эса бундан хавотирда.

"Каримов номига ёзилган мактубда Ўзбекистонда ўлим жазосига махкум этилган ва қатл кунини кутаётган одамлар номлари келтирилади. Хусусан, у ерда Алексей Бурячек ва Искандар Худойберганов номлари келтирилади. Бу одамлар нақақат ўлимга маҳкум этилган, балки улар қийноққа солинган ва қийноқ оқибатида айбга иқрор этилгани ҳақида бизга маълумот келиб тушган", - дейди Халқаро Амнистия вакили Кривошеев.

Халқаро Амнистия ташкилоти вакили Денис Кривашеевнинг айтишича, келажакда ўлим жазосига қарши рок-концертлар уюштириш эхтимолдан холи эмас. "Сплин" гуруҳи эса Тошкентда концерт беришга тайёр.

"Албатта мен жон деб Ўзбекистонда, Тошкентда концерт берган бўлардим. Аммо, сиёсий концертдан кўра оддий концерт берган бўлардик. Сабаби, Белорус раҳбари Лукашенко ҳақида салбий маънода қўшиқ ёзганимиздан кейин у ерга боролмайдиган бўлиб қолдик. Таъқибдан қўрқиб у ерга бормаймиз", - дейди "Сплин" гуруҳи солисти Александр Васильев.
XS
SM
MD
LG