Линклар

“Озодлик” мухбири борлиги учун суд иккинчи бор қолдирилди


Басира 7 апрель кун Бухоро вилояти жиноят ишлари судида диний экстремизмда айбланган фуқаролар устидан аппеляция тартибида ўтказилиш лозим бўлган суд қолдирилди. Бундай ҳолат 31 март куни ҳам кузатилган эди.

Вобкентлик Муродали Рўзиев, ғиждувонлик Шавкат Шарипов ва Нажмиддин Ҳайитов диний экстремизм ва фундаментализмда айбланиб, 2005 йил 13-15 октябрь кунлари ҳибсга олинган эди. Улар устидан жорий йил 11 февралда бошланган суд жараёни 1 мартда якунланиб, ҳар бири 7,6 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинганди.

31 март куни вилоят жиноят ишлари суди бу ишни аппеляция тартибида кўриб чиқиши лозим эди. Аммо бу иш қолдирилди. 7 апрель куни ҳам суд бу ишни кўришни бошқа кунга кўчирди.

Айбланувчи М.Рўзиевнинг отаси Нуриддин Рўзиевнинг айтишича, ўғлига нисбатан суд чиқарган қарор адолатсиз эканидан бутун қишлоқ аҳли норози. Бу ҳақда Президент ва ички ишлар вазири номига ёзилилган мурожаатлар 6 ойдан буён жавобсиз қолмоқда.

Судланувчиларнинг яқинлари ва бу жиноят ишини кузатиб бораётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари суд жараёнининг қолдирилишига “Озодлик” радиоси мухбирининг бу ердаги иштироки сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.

“Улар йигитларга қўйилган айбларнинг хатолиги, йўл қўйилган қонунбузарликлар бутун дунёга овоза бўлишидан чўчияпти”, - демоқда бу кишилар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Шуҳрат Ғаниевнинг фикрича, аппеляция судининг ҳеч қандай тушунтиришларсиз қолдирилиши фуқароларнинг ҳуқуқларини менсимасликдир. Аслида суд мамлакат фуқароларини ҳурмат қилиши керак.
XS
SM
MD
LG