Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:39

Суръат Икромов Президентдан кўмак истаётир


Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов 6 апрель куни мамлакат раҳбари номига мурожаат йўллаб, ҳуқуқ-тартибот идоралари 2003 йилда ўзини ўғирлаб кетиб, калтаклаган шахсларни топишга ҳаракат қилмаётганини баён этди.

С.Икромовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг калтакланиб турилиши янгилик эмас. Хусусан, яқинда жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Эгамназар Шойманов калтакланган эди. Аммо уни калтаклаган кишиларга ҳеч қандай чора кўрилмаётган. Айбдорлар жавобгарликка тортилмаётгани инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фаолияти ҳукуматга ёқмаётганидан дарак беради.

“Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан Елена Урлаева ва Абдужалил Бойматовга ҳам номаълум аёллар ҳужум қилган. Бу кимсалар махсус хизматлар томонидан ёлланганига шубҳам йўқ”, - деди С.Икромов.

С.Икромовнинг ўзи 2003 йил 28 августда номаълум шахслар томонидан қаттиқ калтакланган эди. Ўшанда бу воқеа юзасидан жиноят иши очилганди. Аммо айбдорлар ҳалигача топилгани йўқ.

Суръат Икромовнинг таъкидлашича, айбдорлар топилмайди ҳам. Чунки бу ишни махсус хизматлар ходимлари бажарган. Шунинг учун Ички ишлар вазирилиги ва Миллий хавфсизлик хизматига қилинган мурожаатларга аниқ жавоб берилаётгани йўқ.

С.Икромов Ўзбекистон Президентига қилган мурожаатида давлат раҳбаридан бу ишни шахсан назоратга олишни сўраган.

“Президент фуқаролар ҳуқуқларининг кафолатидир. Шунинг учун мен унга мурожаат этдим”, - деди С.Икромов.
XS
SM
MD
LG