Линклар

logo-print

Ҳақиқий қотил қолиб...

  • Садриддин Ашур

6 апрель куни “Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилотининг Тошкентдаги идорасида фарзанди қотилликда айбланиб, 2004 йилда 19 йилга озодликдан маҳрум этилган Нодир Мизабековнинг ота-онаси иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Н.Мирзабеков фуқаро Гулмира Йўлчиевани ўлдирганликда айбланиб, ўтган йилнинг 23 март куни Тошкент вилояти жиноят ишлари суди томонидан қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Маҳбуснинг ота-онаси ўғли туҳмат асосида қамалгани, унга нисбатан даҳшатли қийноқлар қўлланилганини таъкидлади.

Уларнинг айтишича, Нодирга қўйилган айбларнинг бирортаси тергов ва суд жараёнида ўз тасдиғини топмаган.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти вакиласи Дилобар Худойберганованинг сўзларига қараганда, суд жараёнида Нодирга нисбатан қийноқлар қўллангани, уни қийнаган кишиларнинг исм-фамилиялари айтилган. Бу шахсларни судга чақириш талаб қилинган. Судда Нодир қийноқлар пайтида тирноқлари суғуриб олинган қўл ва оёқларини кўрсатган. Лекин судья бу фактларни инобатга олиш у ёқда турсин, эшитишни ҳам истамаган.

Матбуот анжуманида Нодирнинг онаси Мўътабар Мирзабекова ўғлининг қонли кўйлаги ва сочиғини кўрсатди. У бу буюмларни ўғли чопони қатига тикиб, ташқарига чиқарганини билдирди.

“Оналар ўлим жазоси ва қийноқларга қарши” ташкилоти раисаси Тамара Чикунованинг таъкидлашича, қотилликда гумон қилиниб ҳибсга олинган Нодир ва яна икки йигит уч ой давомида турли қийноқларга солинган. Уларга одам ўлдиришдан ташқари мол, қўй, от ўғирлаганлик айблари ҳам юкланган. Лекин суд жиноят ишининг бу қисмини қайта терговга юборган. Бўстонлиқ тумани ички ишлар бўлими терговчиси Қаюмов ишни қайта текшириб, йигитлар бу жиноятни содир этмагани, айбловлар қийноқ асосида уларнинг бўйнига қўйилгани ҳақида хулоса берган. Шундан кейингина жиноят ишининг бу қисми бекор қилинган.

М.Мирзабекованинг билдиришича, судда қотилнинг шериги сифатида айбланган Ёрқин Шерматов Гулмирани Нодир ўлдирмагани, фақат милициянинг тазйиғи билан унга қарши кўрсатма берганини гапирган. Ёрқин қотиллик аслида Бўстонлиқ тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарининг ўғли Бахтиёр томонидан содир этилганини айтган.

М.Мирзабекова матбуот анжуманида Ёрқиннинг бу ҳақда ёзган тушунтириш хатини ҳам кўрсатди.

М.Мирзабекова бу иш қайта кўриб чиқилиши лозимлигини, ҳақиқий қотил топилиб, ўғли оқланиб чиқиши учун курашни давом эттириши маълум қилди.
XS
SM
MD
LG