”Бу хатто кулгили, ҳар қандай мутахассис – хоҳ у қишлоқ хўжалигида, хоҳ саноат сохасида бўлсин, бир йил ичида мавжуд ҳолатни ўнглаб юборади, дейиш бу шунчаки кулгили холос, Аслида биз ишлаяпмиз, кимлардир бизни ҳам ишдан кўйиб аризабозлик, шикоятбозлик қилиш билан ишимизга халақит бераяпти”, - деб қўшимча қилади яна жаноб губернатор.
Олтой ўлкаси губернатори Михаил Евдокимов устидан келаётган шикоятларни Кремль кўриб чикканини, мавжуд ҳолатда ахолининг муносабатини кутиб, хавотирда эканлигини, аслида губернаторга яна бирор йил мухлат бериш зарурлиги, Россиялик сиёсатшунос Владимир Прибиловский айтади:
”Кремль аслида хавотирда турибди, бир йил аввал Евдокимовни губернатор этиб сайлаган ахоли энди уни химоя қилармикин деб. Шунинг учун Евдокимовга яна бирор йил вақт берилса яхши бўларди. Мен ўйлайман шу муддат ичида у лавозимини оқлайди”, - деди сиёсатшунос Владимир Прибиловский.
Унинг фикрига кўра, маҳаллий ҳокимият партияси аъзолари – амалдорлар губернаторни ёқтирмаяпти, лекин оддий олтойликлар губернатор тарафдори.
“Озодлик” радиоси мухбири Олег Купчинскийга кўра, Михаил Евдокимов тарафдорлари эндиликда губернаторни ёқлаб имзо йиғишни бошлаган:
”Имзо йиғаётганларнинг етакчиси Алексей Никулин айтишича ҳозирда 30 мингга яқин имзо тўпланган. Улар имзоларни эртага президентга еткизиш истагида. Бийск шахрида Евдакимовни ёқлаб намойиш бўлиб ўтди. 8 апрель куни эса Барнаул шахрида намойиш бўлиши кутилаяпти. Намойишчилар, агар Евдокимов лавозимдан кетса маъмурият биноси олдида нарозилик билдириб, чодирлар қуришмоқчи”, - деб хабар беради «Озодлик» радиоси мухбири Олег Купчинский.
Айни чоғда, “Озодлик” радиоси мухбири билан учрашган Михаил Евдокимов, Кремлга 10 миллион доллар олиб борибди, деган миш -мишлар хатто унинг ўзига ҳам етиб келганини айтади:
Евдокимов 10 миллион долларни Кремлга олиб борган экан. Унга рад жавобини берибди, дейишади, ўлай агар 10 миллион долларни мен тушимда ҳам кўрмаганман. Ҳамма гап шундаки, мен сайловда пул сарфламай, ҳаққоний ютиб чиққанман”, - деди Олтой ўлкасининг губернатори Михаил Евдокимов.