Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:34

Нега Ислом оламида ягона диний пешво йўқ?


А.Арал Рим Папаси Иоанн Павел Иккинчининг оламдан ўтгани муносабати билан нафақат насронийлар¸ балки¸ мусулмонлар¸ яҳудийлар¸ буддоийлар ва бошқа турли диний жамоалар вакиллари ҳам Ватиканга ўз таъзияларини билдирмоқда. Ватиканнинг Санкт Петерс майдонидаги ибодатхонага келиб¸ марҳум Папа билан видолашмоқда. Марҳумнинг жаҳон жамоатчилигига қилган хизматларини қадирлашмоқда. Айни пайтда¸ турли дин вакиллари Ватиканда Иоанн Павел Иккинчи ўрнига муносиб пешво бўлишга лойиқ шахс сайланишига умид қилмоқда.

Рим Папаси жаҳон католикларининг диний маънавий раҳбари. Дунëнинг турли ҳудудиларидаги барча католиклар унинг фатволарига амал қилади. Аммо Ислом оламида шундай бир ягона раҳбар¸ мусулмонларнинг Папа сингари раҳнамоси йўқ. Нега шундай?

Диний уламоларнинг айтишича¸ Исломда ягона диний пешво¸ маънавий раҳбар вазифасини ўтмишда пайғамбар алайҳиссалом бажариб келган. Пайғамбарлардан кейин бу масъулият халифалар зиммасига юкланган. Халифаликлар тугатилиши билан мусулмон дунëсида ягона пешволик тизими ҳам ниҳоясига етган.

Берлиндаги “Замонавий шарқшунослик маркази” тадқиқотчиси исломшунос Сониа Ҳигарти Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Ислом динида ибодат қилувчи шахс Оллоҳ билан бевосита алоқага киришишини ëдга солади. Шу боис дейди у¸ мусулмон оламида черковлардаги каби бошқарув тизими вужудга келмаган. Ҳар бир мусулмон имом бўлиши ва ҳаттоки жума намозида имомлик қилиши мумкин¸ дейди германиялик мутахассис.

“Ислом дини фикрлар хилма-хиллигини тан оладиган диндир. Мусулмонлар жуда кўп ҳуқуқ ва қарашларга эга. Бу шунчаки сўзда эмас¸ балки¸ амалда ўз аксини топмоқда”¸ - деб таъкидлайди Ҳигарти.

Унинг фикрича¸ шу боис мусулмонлар орасида ягона пешво вужудга келмаган.

Аммо Лондондаги “Британия мусулмонлар кенгаши” вакили Довуд Абдуллонинг айтишича¸ 20 асрнинг биринчи чорагига қадар Истамбулда Ислом дунëсининг ягона диний раҳбари бўлган. Бугунги кунда ҳам шундай ягона бошқарув тизими бўлиши керак¸ деб таъкидлайди Абдулло.

“Шубҳасиз¸ Ислом оламининг ҳамма томондан тан олинган ягона диний пешвога зарурати бор. Ҳозирги пайтда унинг вазифасини Қоҳирада ташкил этилган “Мусулмон уламолар бирлашмаси” бажариб келмоқда”¸ - дейди Лондондаги мутахассис.
XS
SM
MD
LG