Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:35

Ҳиндистон ва Покистон иккига бўлиниб қолган Кашмирни бир-бири билан боғлайдиган давлатлараро автобус қатновини қайта йўлга қўйди


Маълумки, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатларда Кашмир минтақаси мақоми катта рол ўйнайди. Ҳиндистон ва Покистон суверен давлатга айланганида Кашмир бу икки давлат ўртасида иккига бўлиниб қолди. Сўнгги 50 йил ичида айнан Кашмир масаласида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида икки марта уруш юз берди. Жорий йил феврал ойида Ҳиндистон ва Покистон раҳбарлари ўзаро муносабатларни яхшилар мақсадида Кашмирнинг икки қисмини бир-бири билан боғлайдиган автобус қатновини йўлга қўйишга келишган эди. 7 апрел куни ана шу келишув амалга ошди. Пайшанба куни Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисми маркази ҳисобланган Сринагар ва Покистон назоратидаги қисми маркази Музаффарободдан йўловчи автобуслар икки давлат чегараси томон йўлга чиқди.

Ҳиндистон ва Покистон Хималай тоғлари ҳудудида қарийб 60 йилдан бери тўхтатиб қўйилган икки давлат ўртасидаги автобус қатновини қайта йўлга қўйди.

7 апрел куни икки йўловчи автобус Ҳиндистон назоратидаги Кашмир маркази Сринагардан Покистон томон йўлга чиқди. Йўловчиларни кузатиш учун Сринагарга Ҳиндистон бош вазири Манмухон Синг борди. Тантанали маросимга келганларга Сингх автобус қатновининг қайта йўлга қўйилиши ҳар икки давлат учун рамзий аҳамиятга эгалигини айтди:

“Автобус қатновини йўлга қўйиш - биринчи қадам холос. Бу аҳамиятга эга бўлган бир эшик очилганидан далолат беради. Мен бу ишни биз билан бирга амалга оширишган одамларга, хусусан Покистон халқи ва президенти Парвез Мушаррафга миннатдорлик билдираман”, – деди Ҳиндистон бош вазири.

Ҳокимият тепасидаги “Ҳиндистон конгресси” партияси раҳбари Сония Ганди Кашмирнинг иккала қисмини бир-бири билан боғлайдиган автобус қатновининг йўлга қўйилишини тинчлик жараёнида олдинга ташланган “катта қадам”, дея баҳолади.

Сринагарлик 75 ёшли Фотима Бегимнинг айтишича, унинг қизи Хайфа Бону Кашмирнинг Покистон назоратидаги қисмида яшайди. Фотима Бегимга кўра, унинг қизи икки ҳафтадан кейин Сринагарга келади:

“Қизим 24 йилдан бери мени кўргани йўқ. Энди у ўз онаси, ака ва сингиллари билан учраша олади. Биз бундан хурсандмиз”, – дейди Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида яшовчи Фотима Бегим.

Лекин шуни айтиш керакки, Сринагардан Кашмирнинг Покистонга қарашли қисми маркази Музаффарободга автобусда бориш йўловчилар учун маълум маънода хатарли бўлди. Чунки автобуслар йўлга чиқишидан бир кун олдин Ҳиндистон томонида йўловчиларни саралаб олиш хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда ўтказилганига қарамай, йўловчилар билан тўла бино жанггарилар томонидан ўққа тутилди.

Ҳиндистон полицияси маълумотига кўра, пайшанба куни Сринагардан жўнаб кетган автобуслар шаҳардан 17 километр узоқлашганида жанггарилар томонидан ўққа тутилган. Ҳужум оқибатида ҳеч кимга зиён етмаган.

Ҳиндистон бош вазири Манмухон Сингх ҳужумга муносабат билдирар экан, “тинчлик карвонини” ҳеч ким тўхтата олмайди, деди.

Автобуслар Ҳиндистон ҳудудидан жўнаб кетаётган айни пайтда Музаффарободдан ҳам йўловчиларга тўла автобуслар Ҳиндистон томон йўлга чиқди.
XS
SM
MD
LG