Линклар

Акциядорлар норози бўлса…


Басира Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманидаги 33-автокорхона акциядорлари ва ишчиларининг йиғилиши Бухоро-Тошкент магистраль йўлининг тўсилиши билан якунланишига сал қолди.

Мазкур автокорхона 1999 йилда акциядорлик жамиятига айлантирилган эди. Бироқ орадан 9 йил ўтганига қарамай, акция эгалари бўлган ишчилар бирор марта дивидент олмаган. Шу билан бирга, бир неча йиллардан буён ишчилар маошни ҳам ўз вақтида олгани йўқ.

Илгари 600 киши ишлаган автокорхонада бугунги кунда бор-йўғи 100 киши меҳнат қилмоқда.

Автокорхона акциядорларининг йиғилиши 8 апрель куни эрталаб соат ўнга белгиланган бўлса-да, соат ўн иккида бошланди. Маълум бўлишича, бунга катта акциядорлардан бири Шукур Шодиев ва бошқа мутасадди раҳбарларнинг мажлисга ўз вақтида етиб келмагани сабаб бўлган.

Йиғилишда Қимматли қоғозлар марказининг Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Зокир Саидов қатнашди. Аммо у мажлисни бошлаш учун дастлаб 2 фоиз, кейин эса 30 фоиз овоз етишмаётганини билдирди.

Бундан норози бўлган акциядорлар мажлис ўтказилмаса, Тошкент-Бухоро магистраль йўлини тўсиб қўйишларини маълум қилди.

Мажлисда негадир ҳуқуқ-тартибор ходимлари ҳам келган бўлиб, улар норозилик билдираётган акциядорларни тинчлантиришга ҳаракат қилди.

Ниҳоят, йиғилиш ўтказилишини талаб қилган жамият аъзолари акциядорларнинг қолган қисмини ҳам тўплаб, етарли кворумни ташкил этишга эришди.

Бир неча соатлар давом этган йиғилиш сўнггида акциядорлар автокорхонага ўз ораларидан раҳбар сайлашга келишиб олди.
XS
SM
MD
LG